Европа Иттифоқи арзон импорт товарларига янги йиғим жорий қилди
Европа комиссияси 1 июлдан бошлаб Европа Иттифоқига бошқа мамлакатлардан импорт қилинадиган арзон товарлар учун 3 евро миқдорида йиғим жорий этди.
Янги тартиб асосан маркетплейслар орқали олиб кириладиган ўйинчоқлар, кийим-кечак, электроника ва бошқа арзон истеъмол товарларига татбиқ этилади. Европа комиссияси қайд этишича, шу вақтгача қиймати 150 еврогача бўлган товарларнинг бождан озод қилиниши Европа Иттифоқидан ташқаридаги етказиб берувчиларга устунлик яратиб келган.
Йиғим товарлар сонига эмас, балки тариф таснифига қараб ундирилади. Масалан, бешта футболкадан иборат битта жўнатма учун 3 евро, футболкалар ва соат жойланган жўнатма учун эса 6 евро тўланади.
Европа комиссияси маълум қилишича, айрим етказиб берувчилар божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарнинг қиймати ёки тоифасини нотўғри кўрсатиб келган. Шунингдек, кўплаб маҳсулотлар Европа Иттифоқининг хавфсизлик стандартларига ҳам жавоб бермаган.
Комиссия фикрича, янги чора Европа ишлаб чиқарувчилари учун ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш, истеъмолчиларни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ҳамда божхона фирибгарлигига қарши курашишга хизмат қилади.
«Reuters» маълумотига кўра, янги йиғим биринчи навбатда «AliExpress», «Shein» ва «Temu» каби Хитой маркетплейслари фаолиятига таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
2025 йилда ушбу платформалар орқали Европа Иттифоқига 5,8 миллиард дона посилка олиб кирилган бўлиб, бу уч йил аввалгига нисбатан тўрт баравар кўпдир. «Cirrus Global Advisors» компанияси маслаҳатчиси Дерек Лоссингнинг баҳолашича, яқин ҳафталарда маркетплейслардан Европа Иттифоқига ҳаво орқали товар етказиб бериш ҳажми 10 фоиздан 35 фоизгача қисқариши мумкин.
Янги йиғим 2028 йил июлигача амал қилади, шундан кейин уни ягона Европа божхона тизими доирасида янги тарифлар алмаштириши режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter