Фарғонада 3,2 млрд сўмлик дори контрабандасига чек қўйилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг маълум қилишича, Фарғона вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг йирик партиясини контрабанда йўли билан олиб кириш ҳолати фош этилди.
Тезкор тадбир Департаментнинг Қувасой шаҳри бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари ҳамда ДХХ чегара қўшинларининг 9229-сонли ҳарбий қисми ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тадбир давомида бир гуруҳ шахслар умумий қиймати 3,2 миллиард сўмлик 30 660 дона Regopen ва 925 дона Тропикамидни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб киргани аниқланган.
Маълумотларга кўра, дори воситалари Вазиё МФЙ ҳудудида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасига тортилган сим тўсиқларни бузиш орқали контрабанда қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси — контрабанда ва 251-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter