Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш учун 9 млн евро ажратади

Германия Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш учун 9 млн евро ажратади

Ўзбекистонда ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва «яшил» иқтисодиётни рағбатлантириш мақсадида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан янги келишув имзоланди. Ҳужжатга кўра, мастер режалар ишлаб чиқиш ва «яшил» пилот лойиҳаларни амалга ошириш учун 9 миллион евро миқдорида грант маблағлари жалб этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирокида ўтган музокараларда томонлар илгари амалга оширилган ишлар натижаларини таҳлил қилиб, янги устувор йўналишларни белгилаб олди. Қайд этилишича, аввал ажратилган грантлар ҳисобидан 12 та туман учун комплекс ривожланиш мастер режалари ишлаб чиқилган ва 24 та пилот лойиҳа ижобий баҳоланган.

Жумладан, Шаҳрисабз туманида 500 гектар майдонда агротуризм мажмуаси ташкил этилган. Шунингдек, Амударё, Чимбой, Булунғур, Каттақўрғон, Миришкор, Хива ва Ҳазорасп туманларида касбга ўқитиш марказлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, интенсив балиқчилик хўжаликлари ривожлантирилиб, ижтимоий объектларда энергия тежовчи иссиқлик насослари ўрнатилган, IT ва ҳунармандчилик марказлари ташкил этилган. Ушбу ишлар учун жами 1,3 миллион евро грант маблағлари йўналтирилган.

Янги келишувга мувофиқ, 2026–2029 йилларда ушбу ташаббуслар янги босқичга олиб чиқилади. Хусусан, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда сунъий интеллект ва инновацион таҳлил усулларидан фойдаланиш, шунингдек «яшил» пилот лойиҳаларни кенгайтириш кўзда тутилган.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, Бахмал, Бойсун ва Сўх туманларида ҳам янги мастер режалар асосида пилот ташаббуслар амалга оширилади. Шунингдек, лойиҳалар самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий экспертлар жалб қилиниб, мутахассислар малакасини оширишга қаратилган ўқув дастурлари, семинар ва тренинглар ташкил этилади.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, ҳудудларни комплекс тарзда модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг