Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«25 млн бер, ҳайдовчилик гувоҳноманг ҳал...» — Бухорода яна бир фириб фош этилди

«25 млн бер, ҳайдовчилик гувоҳноманг ҳал...» — Бухорода яна бир фириб фош этилди

Фото: Бухоро ИИБ

Бухорода 25 миллион эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини ваъда қилган шахс қўлга олинди.

Бухоро вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъулининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ғиждувон туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида мазкур жиноят фош этилган.

Маълумотга кўра, гумонланувчи ижтимоий тармоқ орқали фуқаронинг ишончига кириб, унга 3 ойлик ўқув курсини тамомлагани ҳақида сертификат ва «Б», «C» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган.

У ушбу ишни Бухоро, Навоий ва Қарши шаҳарларидаги имтиҳон марказларида ишловчи танишлари орқали 1 ҳафта муддатда ҳал қилиб беришга ишонтирган. Ушбу ноқонуний хизмати эвазига фуқародан 25 млн сўм талаб қилган.

Бухоро шаҳридаги Қаюм Муртазоев кўчасида келишилган пулни олаётган вақтида у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

У судда ўзига ишонган фуқарога: «25 миллион бер, ҳайдовчилик гувоҳноманг масаласи ҳал. Ҳеч қандай муаммо чиқмайди. Одамларим ишончли», — деб айтганини ҳам тан олган.

Ҳозирда унинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг