Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун тўлов жорий этилиши мумкин

Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун тўлов жорий этилиши мумкин

Фото: Getty Images

Уммон ҳукумати Европа давлатларини келажакда Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатнови учун тўлов жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, Уммон расмийлари АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётларидан кейин минтақадаги вазият ўзгарганини ва аввалги тартибни тўлиқ тиклаш имкони йўқлигини билдирган.

Шу билан бирга, Уммон халқаро денгиз ҳуқуқига риоя қилишда давом этишини маълум қилган. Эҳтимолий тўловлар кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиши учун эмас, балки навигация хизмати, денгиз хавфсизлигини таъминлаш ва ифлосланишни бартараф этиш каби хизматлар учун жорий этилиши мумкин.

Ҳозирча ушбу тўловлар мажбурий бўладими ёки йўқ, бу масалага аниқлик киритилмаган.

Bloomberg маълумотига кўра, Уммон бошқа стратегик денгиз йўлакларида қўлланилаётган амалиётни ўрганмоқда. Хусусан, Осиёдаги Малакка бўғозида кемалардан муайян хизматлар учун йиғимлар ундирилади.

Аввалроқ Уммон Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) билан ҳамкорликда Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати учун вақтинчалик денгиз йўлагини очган эди. Расмийларга кўра, ушбу йўлакдан фойдаланиш учун ҳозирча ҳеч қандай бож ёки тўлов ундирилмайди.

Эрон ҳам аввалроқ Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишнинг ўзи учун ҳақ олиш нияти йўқлигини, аммо денгиз хавфсизлиги, экологик муҳофаза ва кема қатновини бошқариш билан боғлиқ операция харажатлари келажакда тўланиши мумкинлигини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг