Инсоният ҳар йили тўртта тилни йўқотмоқда — тадқиқот
АҚШнинг Йел университети олимлари инсоният сўнгги икки минг йил ичида ўн мингга яқин тилни йўқотганини аниқлашди. Тилшунослар тиллар хилма-хиллигининг демографик моделини ишлаб чиқишди, тадқиқот натижалари Science журналида эълон қилинди.
Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 12 минг йил аввал, сўнгги музлик даври якунида Ер юзида 3 300 дан 7 800 тагача тил мавжуд бўлган. Бу баҳолашда ҳар бир овчи-йиғувчилар тил гуруҳи ўртача 800 нафар кишидан иборат бўлгани асос қилиб олинган.
Деҳқончиликка ўтиш тиллар сонини камайтирмаган, аксинча, уларнинг кўпайишига туртки берган. Чунки деҳқончилик билан шуғулланган аҳоли манзилгоҳлари бир-биридан нисбатан ажралган ҳолда яшаган. Бу эса янги шевалар ва мустақил тилларнинг тезроқ шаклланишига шароит яратган. Муаллифлар баҳолашича, тахминан икки минг йил аввал тиллар сони тарихий энг юқори нуқтага чиққан ва уларнинг умумий сони ўн мингта атрофида бўлган.
Бироқ милодий 1000 йилларга келиб бу жараён тескари йўналиш олган. Империяларнинг кенгайиши, босқинлар ва савдо ривожи йирик тилларнинг кенг тарқалишига олиб келган. Оқибатда кичик маҳаллий тил ва шевалар аста-секин муомаладан чиқиб кетган. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.
Бугунги кунда дунёдаги қарийб 5 миллиард киши атиги ўнта тилда сўзлашади. Шу билан бирга, ҳар йили ўртача тўртта тил йўқолиб бормоқда.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, тилларнинг йўқолиши жамиятларнинг бирлашиши ва интеграциялашуви каби тарихий жараёнларнинг табиий ҳамроҳи ҳисобланади. Бироқ йўқолиб кетган тилларни қайта тиклаш деярли имконсиз. Чунки моддий ёдгорликлардан фарқли ўлароқ, тиллар археологик қазишмаларда топилиши мумкин бўлган изларни қолдирмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter