«Карьера куни» бандлик сиёсатида кутилган натижани беряптими? (фото+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳар пайшанба кунини «Ёшлар куни» деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган қарори ҳамда ёшлар бандлигини ошириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва меҳнат бозорига интеграция қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорларда битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур меъёрий ҳужжатлар ижроси доирасида Бухородаги давлат олий таълим муассасалари битирувчиларини иш ўринлари билан таъминлаш бўйича ўтказилган «Карьера куни – 2026» ҳамда «Очиқ эшиклар куни» вилоят марказидаги «Universal» спорт мажмуасида ташкил этилди. «Келажагингни танла» шиори остидаги ушбу меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Эътиборлиси, ярмаркада салкам 7 минг нафар олий таълим ҳамда ўрта таълим мактаби битирувчилари иштирок этишди.
- Шу пайтгача меҳнат ярмаркаларида бунақа катта контингент ўз хоҳиши билан иштирок этмаган. Демак, ёшларда меҳнатга лаёқат, ишга киришга бўлган масъулият ошиб бормоқда. Ярмарка иштирокчиларининг 40 фоизидан ортиғи билан доимий иш ўринга эгалик шартномалари имзоланди. Бу жуда катта кўрсаткич. «Карьера кун»лари ўз самарасини кўрсатмоқда,-деди Бухоро вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов.
Шу ўринда бошқарма бошлиғи айрим битирувчилар иш танлаш жараёнида тажрибаси етарли бўлмаса-да, турли ташкилот ва идоралар олдига ортиқча талаблар қўяётганини билдирди. Унинг қайд этишича, олийгоҳни янгигина битирган ёшлар юқори лавозим, катта даромад ва «курсибоп» ишни кўзлашлари уларнинг ишга жойлашиш жараёнини чўзишга сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан битирувчилар билан тизимли ва кўплаб мулоқотлар ўтказиш, уларни реал меҳнат бозори талабларига мослаштириш зарурлиги алоҳида таъкидлади.

Ҳақиқатан, меҳнат ярмаркасига иш ўринлари таклифи билан келган корхона, ташкилотлар масъуллари билан суҳбатлашар эканмиз, айрим битирувчилар ойлик маоши 2,5 миллион сўмдан бошлаган бўш ўринларга истак билдиришмаётгани, улар тўғридан-тўғри йирик маошли лавозимларни хоҳлашаётганига урғу қаратишди. Соғлиқни сақлаш тизимидаги, жумладан, юқумли касалликлар ёки турли лабораториялардаги бўш иш ўринларини четлаб ўтишаётгани ҳолати ҳам кузатилаётганини сўзлашди.
Айтиш жоизки, меҳнат ярмаркаси доирасида Бухоро давлат университети, Бухоро давлат Тиббиёт институти, Бухоро давлат Техника университети, Бухоро давлат Педагогика институти битирувчилари ўз ихтиёрига кўра, меҳнат бозоридаги бўш иш ўринларидан танлов қилиш имкониятига эга бўлдилар. Халқ хўжалигининг барча тармоқлари - ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва мелиорация соҳалари, шунингдек қўшма корхоналар, завод-фабрикалар ва тадбиркорлик субъектлари ўз ваканциялари билан иштирок этди.
Эътиборимизни Бухоро давлат Тиббиёт институтининг битирувчи талабалари тортди. Билдирилишича, ушбу тадбирда 1205 нафар битирувчи талабалари ҳамда магистрларидан 800 нафардан ортиқ битирувчилари иштирок этаётган экан. Нафақат, Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш тизими, балки, Навоий вилояти, Самарқанд вилояти, Қашқадарё вилояти, Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарлари ва тегишли тиббиёт бирлашмалари ҳам ўз иш ўринлари билан келишган.

Тадбирда Сурхондарё вилоятида доимий яшаш манзили бўлган магистр битирувчи талабаси Умид Худойназаров билан Денов туман соғлиқни сақлаш бўлими давлат муассасаси ўртасида ишга жойлашиш шартномаси имзоланган бўлса, бухоролик битирувчи талаба Маржона Абдурашидовани институтни тугатгач, тўғридан-тўғри ишга олиниши кафолатланди. Навоийлик битирувчи талаба билан Кармана туман тиббиёт бирлашмаси ўртасида, қашқадарёлик талаба билан эса Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида кафолатланган шартномалар имзоланиб, тиббиёт бошқарма бошлиқлари зиммасига муҳим топшириқлар юклатилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
- Ҳозирги даврда Бухоро давлат Тиббиёт институти битирувчи талабалари томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларда жойлашган тиббиёт муассасалари билан 837 нафар ишга жойлаштириш шартномари имзоланган. Шу билан биргаликда айрим йўналишларда, хусусан, Халқ табобати йўналиши бўйича меҳнат регистрига киритилмаганли, Олий ҳамширалик иши йўналишида тугатганларга оддий ҳамшира мутахассислиги тоифасида иш билан таъминлаш уларнинг бандлиги риск ҳолатида қаралмоқда. Битирувчилар жорий йилнинг июнь ойида институт томонидан тақдим этиладиган ишга жойлаштириш тўғрисидаги йўлланмалар асосида ишга юборилади. Битирувчиларни якуний бандлик мониторингини ташкил қилиш, ишга жойлашиш бўйича маълумотларни жорий йилнинг сентябрь ойидан HEMIS ахборот тизимига киритиб борилади.,-деди Бухоро давлат Тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев.
Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовнинг маълум қилишича, 2025–2026 ўқув йилида университетда жами 5 241 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 4 755 нафари бакалавриат, 486 нафари магистратура босқичида. Жорий йилда 3 911 нафар талаба битирмоқда, улардан 958 нафари бошқа вилоятлардан келган, 3 047 нафари эса Бухоро вилояти ёшларидир.
АТ «Халқ банки” Бухоро вилояти бўйича бошлиғи ўринбосари Наргиза Латипова битирувчиларнинг 1 556 нафари таълим билан бир вақтда меҳнат фаолиятига жалб этилганини, 2026 йил бошидан бугунги кунга қадар 37 нафар битирувчига жами 4 миллиард 715 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилганини таъкидлади. Жумладан, «Тадбиркорликка илк қадам» дастури доирасида 33 нафар битирувчига 615 миллион сўм, «Бизнес старт» ва «Бизнес прогресс» кредит линиялари орқали 4 нафар ёшга 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ берилган.
Битирувчиларнинг 518 нафари таълимни кейинги босқичда давом эттиришни, 51 нафари эса касб-ҳунар ўрганиш орқали бандликка эришишни режалаштирган. Меҳнат ярмаркасида Жондор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими 44 та бўш иш ўрни билан иштирок этиб, таълим соҳасида кимё, биология, рус тили, хорижий тиллар ва мусиқа йўналишлари бўйича кадрлар етишмаслиги мавжудлигини маълум қилди. 18 дан ортиқ битирувчиларга тавсиялар берилди. Қоровулбозор туманидан 10 та ташкилот 136 та ваканция билан қатнашди. Асосан, тиббиёт соҳаси мутахассисларига эҳтиёж катта экани қайд этилди.

Биргина вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 334 та вакант ўрин билан тиббиёт муассасалари ҳам ярмаркада иштирок этган. Кўп тармоқли тиббиёт маркази ва туман тиббиёт бирлашмаларида тор доирадаги мутахассисларга эҳтиёж сақланиб қолмоқда.
- Мен Бухоро давлат Тиббиёт институтининг фарғоналик талабасиман. Мени қувонтиргани, ўз вилоятимда иш ўрним тайин бўлди. Бухоролик битирувчи курсдошларимни ҳам кузатар эканман, шу пайтгача, деярли, 40 фоизи турли тиббиёт ташкилотлари билан меҳнат шартномаларига эришишган бўлса, мазкур меҳнат ярмаркаси ҳам яна салкам, 40 фоизини ишли қилди. «Карьера кун»ининг бундан бир неча йил илгариги меҳнат ярмаркаларидан очиқлиги, шаффофлиги билан фарқ қилаётгани, ҳеч қандай «сценарийлаштириш»лару, ёлғон иш ўринлари таклифи йўқлиги мени қувонтирди,-дейди Бобораҳим Ибодов.
- Мен эса Ромитан туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг битирувчисиман. Ҳунармандчиликка, хусусан, наққошликка жуда қизиқаман. Чизмачилик ҳам жону-дилим. Бухоро давлат Техника университетига кириш учун олдимга мақсад қўйдим,-дейди Тўлан Баҳронов.
Меҳнат ярмаркаси якунида иштирокчилар ушбу тадбир ёшлар бандлигини таъминлашда самарали платформа бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида қайд этдилар. Кўплаб битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича иш ўринларини танлаб, дастлабки меҳнат шартномаларини имзолашга эришдилар. Бир сўз билан айтганда, Бухорода «Карьера куни» ёшлар бандлигини таъминлаш сиёсатида ўзининг кутилган самарасини бериб, амалда реал натижаларни намоён этмоқда. Бу очиқ майдонда реал иш ўринлари таклифию ишга кириш истагида бўлган айрим битирувчилар талабларининг ортиб бораётгани мувозанати эса «Карьера куни – 2026» долзарблигини оширилиши лозимлигини кўрсатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter