Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Непалда кўчки ва тошқиндан ҳалок бўлганлар сони 900 нафардан ошди

Непалда кўчки ва тошқиндан ҳалок бўлганлар сони 900 нафардан ошди

Фото: DW

Ҳимолайда юз берган вайронкор сел оқибатида ҳалок бўлганлар сони 900 нафардан ошди. Непал пойтахти Катмандудаги фавқулодда вазиятлар бўйича идора 31 август куни мамлакатда 903 нафар қурбоннинг жасади топилганини маълум қилди. Хитойда расман тасдиқланган қурбонларни ҳам ҳисобга олганда, ҳалок бўлганлар сони камида 919 нафарни ташкил этмоқда.

Непалда бедарак йўқолганлар сони ҳам кескин ошиб, 4247 нафарга етган. Улар орасида 592 нафар хорижлик бор. Хитойда эса 546 киши бедарак йўқолган деб қайд этилган, уларнинг уч нафари Германия фуқароларидир.

Қутқарув ишларида минглаб одам иштирок этмоқда

Тибетнинг жануби-ғарбидаги табиий офат ҳудуди ҳамда Непалнинг зарар кўрган туманларида бедарак йўқолганларни қидириш ишларига минглаб қутқарувчилар жалб қилинган. Айниқса, бир нечта гидроэлектр станцияларида қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дамбалардан бирининг туннелида юзлаб ишчилар қамалиб қолган бўлиши мумкин.

Қутқарув ишлари сув сатҳининг кўтарилиши ва ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қийинлашмоқда. Янги кўчкилар ва селлар юзага келиш хавфи жиддий хавотир уйғотмоқда. Яқин кунларда ҳудудда яна ёмғир ёғиши прогноз қилинган.

Зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш ҳам мураккаб вазифага айланган. Сел ва кўчкилар муҳим йўллар ҳамда кўприкларни вайрон қилган. Жумладан, Непал пойтахти Катмандуни мамлакатнинг жанубий ҳудудлари билан боғловчи асосий автомобил магистрали ҳам зарарланган.

Ҳалок бўлганлар оммавий қабрларга дафн этилмоқда

Ахборот агентликлари ва маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Непалда шахси аниқланмаган жасадларни оммавий қабрларга дафн қилиш бошланган. Шу билан бирга, ҳалок бўлганлардан ДНК намуналари олинмоқда ва жасадларга идентификация белгилари қўйилмоқда. Бу яқинлари кейинчалик уларни таниб, олиб кетиши учун амалга оширилмоқда.

Непалда марҳумларни одатда кремация қилишади. Шу боис жасадларни дафн этиш уларнинг яқинлари олиб кетгунига қадар вақтинчалик чора сифатида қаралмоқда.

Непал расмийларининг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг кўплаб жасадлари сув тошқини содир бўлган ҳудудлардан ўнлаб километр узоқликда, мамлакат жанубидан топилган.

Ҳиндистон билан чегарадош Читван тумани маъмурияти кўплаб жасадлар кучли даражада чириб кетгани сабаб уларни тезкор аниқлаш имкони бўлмаётганини билдирган. Мутахассислар эпидемиялар тарқалиши хавфидан ҳам огоҳлантирмоқда.

Непал ва Хитойдаги сел офати

Непалнинг Тибет билан чегарадош Расува тоғли ҳудудида сел 26 август куни эрталаб содир бўлган.

Хитойнинг Тибет автоном ҳудудидан бошланиб, Непалнинг Багмати-Прадеш провинцияси орқали оқиб ўтувчи Бхоте-Коши дарёсига катта миқдорда лой ва тошлар қулаши натижасида дарё ўз ўзанидан тошиб кетган. Бу кўчкига ер ости силкинишлари ёки музликнинг эриши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Тибет хорижлик журналистлар учун деярли ёпиқ ҳудуд бўлиб қолмоқда. Бу минтақадаги офат кўламини мустақил равишда ёритишни қийинлаштирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг