Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ноқонуний қурилишлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Ноқонуний қурилишлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Фото: Xabar.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида шаҳарсозлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳа билан Шаҳарсозлик кодекси ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузган ҳолда қурилиш ишларини амалга ошириш, бош режа, мастер-режа ва қурилиш лойиҳаси талабларига риоя қилмаслик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, қонунчиликда белгиланган ҳажмдан катта бўлган иморат, бино ва иншоотларни ваколатли органни хабардор этмасдан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади.

Шунингдек, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг шаҳарларни комплекс ривожлантириш соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш таклиф этилмоқда.

Депутатлар фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ноқонуний қурилишларни қисқартириш ва қурилиш бозорида ҳалол рақобатни таъминлашга хизмат қилади.

Ҳужжат ер ва кўчмас мулк ресурсларидан самарали фойдаланиш, кўп квартирали уйлар қурилишига йўналтирилаётган фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш учун ҳам ҳуқуқий асос яратиши таъкидланди.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг