Ота ўз фарзандининг қотилига айланди

2024 йилнинг 16 февраль куни. Кечки соат 19:00 лар атрофи. Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани ички ишлар бўлимига хабар келиб тушди. «Нуртепа маҳалласида уч ёшли бола йўқолиб қолди... Тезроқ ёрдамга келсангизлар, илтимос...»
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари зудлик билан чақириқ келиб тушган манзилга етиб келишган. Уч ёшли бола Э.Қ.нинг отаси Д.Қ.нинг айтишича, 2021 йилда туғилган ўғли яшаш уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Ички ишлар ходимлари атрофни, қўни-қўшниларнинг ҳовли-жойларини кўздан кечиришган. Шом пайтида уч ёшли боланинг уйдан чиқиб кетиши ҳаммани сергак торттирди. Ходимларга қўшилиб, маҳалла аҳли ҳам бедарак йўқолган болани ахтаришга чиққан.
***
Сурхондарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Акрам Чориевнинг сўзига кўра, ушбу хабар вилоят прокуратурасига соат 22:00 лар чамасида келиб тушган. Тезкор-тергов гуруҳи билан биргаликда воқеа жойига етиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Респубикаси Жиноят Кодексининг 97-моддасининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказишга киришилган.
Боланинг бедарак йўқолиши, нафақат, унинг онаси Ш.Қ.ни, балки, бутун маҳаллани сергак торттирди. Она дод-фарёд солиб, кўз ёш тўкиб, «ўғлим қаерда?!»- деб бақирди... Бола топилди... Аммо, афсуски, ҳаёт эмас, ўлик ҳолда, ҳовли орқасидаги томорқадан оқиб ўтувчи ариқдан.
Сурхондарё вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар ва тезкор-тергов гуруҳлари ходимлари боланинг ўлими билан боғлиқ ҳолат қотиллик бўлиши мумкинлигига гумон қилишган. Чунки, ариқдан унча узоқ бўлмаган жойдан топилган боланинг кийимлари айни қиш чилласида унинг ўзи сувга тушиб кетганга ўхшамас, балки, қасддан ташланганга ўхшаган. Ҳақиқат шундай бўлиб чиққан: боланинг ўлимида гумонланган шахс – унинг ўз отаси, Д.Қ. экани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди ҳужжатларига кўра, Д.Қ. ва Ш.Қ. 2018 йилда турмуш қуришган. Бир нафар фарзандли бўлишган. Орадан вақт ўтиб, оилавий келишмовчиликлар бошланган. Доимий низолар, уруш ва жанжаллар аёлнинг тинкасини қуритган. Айниқса, ўзаро ишончсизлик ва айбловлар туфайли Ш.Қ. келинлик уйидан чиқиб кетиб, ота уйига қайтишга мажбур бўлган. Ўзини оқлашга уринмасин, хиёнат миш-мишлари ёш оилани барбод қилган. 8 ой давомида ота уйида яшаб келаётган аёл оиласининг ажрим ёқасига келганини англаган ва фарзанди таъминоти учун судга алимент учун даъво аризаси киритган.
Эр-хотин орасидаги келишмовчиликлар фақат бир-бирларининг эмас, боланинг тақдирини ҳам чирмаб ташлаган. Бунга қўшимча, эрнинг ёнидаги «дўстлари»нинг: «Хотининг сенга хиёнат қилган, ўғлинг ўзингданми?!» — деган кинояли сўзлари отанинг онгини заҳарлаган. Бундай ножоиз саволлар Д.Қ.нинг юрагида шубҳа уйғотган. Шубҳа эса ақлини йўқотар даражада кучайган...
Фожеа куни — 2024 йилнинг 16 февралида Д.Қ. гўёки, ўзини «ярашаётгандай» кўринишда турмуш ўртоғи ва фарзандини уйига таклиф қилган. «Қайта ҳаёт бошлаймиз!» — дея хотинини алдаб, ишонтириб, уларни ўзига тегишли бўлган «Дамас» русумли автомашинасида олиб келган. Аслида, бу ярашув ортида олдиндан режалаштирилган қотиллик мавжудлигини Ш.Қ. хаёлига ҳам келтирмаганди.
Ота уйининг бир хонасида ўғлини чалғитиш мақсадида телевизорда мультфильм қўйиб бериб, эшикни қулфлаб чиқиб кетган. Хотинини эса бошқа бир хонага қўйиб, ҳовлига чиқишини қийинлаштириш мақсадида унинг кийимларини хонанинг ҳар бурчагига отиб юборган ва гўёки, ўзи ювиниб келиш учун кетаётгандек ҳовлига чиққан. У ярим соатча олдин бошқа бир хонага қамаб қўйган фарзандини хонадан олиб чиқиб, яшаш уйининг орқа томонида бўлган маҳалла ариғига ташлаб юборган.
Уч ёшли болакай қувончдан қўлларини отасига чўзиб, унга қараб: «Дада» деб югурди. Ота эса кўзлари порлаб турган ўғлини даст кўтарди-да, ҳовлисининг орқа тарафидан оқиб ўтувчи ариққа отиб юборди. Совуқ ва муздай сувга отиб юборилган бола аввалига талмовсиради, кейин типирчилаб, отасидан нажот тилаб, унга олазарак тикилди. Қўл ва оёқчалари билан сувни шалпиллатиб ҳар ёққа сочиб, талпиниб, биғиллаб йиғлади... Бу пайтда шафқатсиз ота воқеа жойидан узоқлашиб бўлган эди...
Шеробод туман прокуратураси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноятга оид хатти-ҳаракатлар батафсил ўрганилиб, тергов қилинган. Далиллар йиғилган. Гувоҳлар сўралган. Экспертиза хулосалари асосида Д.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (касддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси Тўлқин Тўрақуловнинг билдиришича, суд томонидан айбланувчининг қилмишига яраша ҳуқуқий баҳо берилган. У 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
***
Бу фожиа, нафақат, бир боланинг ҳаётини, балки, бир неча инсонларнинг ҳам тақдирини синдирди. Ота - ҳурматсизлик, шубҳа ва бузуқ муҳит қурбони бўлди. Она - фарзандсиз қолди. Жамият эса яна бир бор аёл ва болалар хавфсизлиги, руҳий соғломлик, никоҳ маданияти ва оила институти борасида ўйлашга мажбур бўлди.
Шу воқеа бир нарсани очиқ кўрсатди: мулоҳазасиз оғиздан чиққан сўз, гумон ва шубҳалар, ишончсизлик ва тўғри йўл кўрсатолмаган муҳит отани ўз фарзандининг қотилига айлантирди.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter