Ўзбекистон кўпроқ нималарни импорт қилмоқда?
2026 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистоннинг умумий импорт ҳажми 12,2 млрд долларга етди. Миллий статистика қўмитасига кўра, импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт асбоб-ускуналари ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу йўналиш бўйича импорт ҳажми 4,1 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга ошган. Шунингдек, саноат товарлари импорти 1,7 млрд долларга, кимёвий воситалар ва ўхшаш маҳсулотлар эса 1,5 млрд долларга етган.
Статистикага кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 45,9 фоизга ўсиб, 1,4 млрд долларни ташкил қилган. Хизматлар импорти ҳажми эса 1,2 млрд доллар бўлган.
Ҳисобот даврида минерал ёқилғи, мойлаш материаллари ва ўхшаш маҳсулотлар импортида энг юқори ўсишлардан бири кузатилди. Бу йўналишдаги импорт ҳажми 1,2 млрд долларга етди ва ўсиш суръати 64,4 фоизни ташкил қилди.
Турли хил тайёр буюмлар импорти 441,8 млн долларга, ноозиқ-овқат хомашёси эса 288,9 млн долларга тенг бўлди. Ҳар икки йўналишда ҳам ўтган йилга нисбатан юқори ўсиш қайд этилган.
Шунингдек, ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ёғлар ва мумлар импорти 158,1 млн долларга етган бўлса, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари импорти 71,3 млн доллардан ошган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter