Ўзбекистон ва Беларус ҳудудлараро ҳамкорлиги янги босқичга чиқади
Президент Шавкат Мирзиёев Беларус Республикасига амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланган тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, 8–9 июл кунлари бўлиб ўтган ташриф доирасида ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард долларлик 310 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Давлат раҳбари ушбу келишувларни қисқа муддатларда амалий натижага айлантириш, янги корхоналар ва иш ўринлари ташкил этиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Тақдимотда Андижон вилояти ва Беларуснинг Витебск вилояти ўртасидаги ҳамкорлик натижаларига алоҳида тўхталинди. Ҳозирга қадар 255 нафар андижонлик ташкилий асосда Витебск вилоятига ишга жўнатилган. Шунингдек, 11 та чорвачилик мажмуаси негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.
Умуман, Витебск ва Беларуснинг бошқа ҳудудларида чорвачилик, ёғочни қайта ишлаш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 100 миллион доллардан зиёд бўлган 30 та янги лойиҳа шакллантирилган.
Президент Андижон–Витебск ҳамкорлик моделини бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берди. Бунга кўра, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларуснинг турли вилоятларига бириктирилиб, ҳар бир ҳудуд учун алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан етакчи тадбиркор Беларусга олиб борилиб, маҳаллий шериклар билан қўшма лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Логистика соҳасида ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Йил якунига қадар Орша станциясида экспорт-импорт юклари учун интермодал логистика марказини ишга тушириш, шунингдек, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Фуқароларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Дастлабки босқичда Беларусдаги 13 та корхонага 1 100 нафар ўзбекистонлик ишга жойлаштирилади. Сентябрдан бошлаб эса ҳар ой 500 нафардан, жами 5 минг нафар андижонлик Витебск вилоятида доимий иш билан таъминланади. Бу мақсадда Витебск шаҳрида Миграция агентлиги ваколатхонаси очилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир келишув аниқ лойиҳа, янги ишлаб чиқариш, қўшимча савдо ҳажми ва муносиб иш ўринларида ўз ифодасини топиши лозимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга барча «йўл хариталари» ижросини доимий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter