Ўзбекистонда энди уйларни «рассрочка»га олиб бўлмайдими?
Президентнинг 2026 йил 14 августдаги ПҚ–294-сон қарори билан 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти тартибга солинади.
Маълум қилинишича, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар оператор ҳисобланади. Улар истеъмолчига товар ёки хизматни муддатли тўлов асосида олиш имкониятини воситачи сифатида тақдим этади.
Қарорнинг 3-банди «д» кичик бандига кўра, кўчмас мулк оператор кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг объекти бўла олмайди. Шу сабабли воситачи оператор орқали уй-жойни «рассрочка»га олиш имконияти назарда тутилмаган.
Бироқ бу қоида уй-жойни бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотишни умумий тарзда тақиқламайди.
Қарорнинг 3-банди «а» кичик бандида сотувчи томонидан истеъмолчига товарни тўғридан-тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган.
Шунга кўра, қурувчи ўзининг қурган уй-жойини харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиши мумкин. Яъни янги тартиб қурувчи ва харидор ўртасидаги тўғридан-тўғри савдони тақиқламаяпти.
Демак, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «энди уйни рассрочкага олиб бўлмайди» деган талқин тўлиқ тўғри эмас. Чеклов айнан муддатли тўлов операторлари орқали кўчмас мулкни молиялаштиришга тааллуқли.
Янги тартибга кўра, муддатли тўлов операторлари махсус реестрга киритилади ва уларнинг фаолияти Марказий банк назорати остида бўлади. Шунингдек, операторлар билан тузиладиган шартномалар, устама ва комиссияларга нисбатан аниқ талаблар белгиланади.
Шундай қилиб, 2027 йилдан оператор орқали уй-жойни «рассрочка»га олиш чекланади, аммо қурувчининг харидорга уйни бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиши сақланиб қолади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter