Ўзбекистоннинг ноёб тарихий мероси Доҳа, Милан, Венеция ва Японияда намойиш этилади
Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасидаги устувор лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Унда Ўзбекистоннинг археологик мероси ва миллий амалий санъатини дунёга кенг тарғиб қилиш бўйича режалар кўриб чиқилди.
Тақдимотда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини дунёга кенг танитишга хизмат қилувчи қатор йирик халқаро кўргазмаларни ташкил этиш режалари кўриб чиқилди. Хусусан, 2026 йилда Доҳадаги Ислом санъати музейида «Uzbekistan: Heritage in Motion», Миландаги Prada Foundation майдонида эса «Global Antiquity» халқаро археология кўргазмасини ўтказиш режалаштирилмоқда. 2027 йилда Венеция ва Япониядаги Нара миллий музейида Ўзбекистоннинг бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган тарихини акс эттирувчи юзлаб археологик топилмалар намойиш этилади. Шунингдек, Миланда ўзбек амалий санъатига бағишланган алоҳида кўргазма ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Флоренцияда Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган кўргазма ўтказиш, Япония, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларнинг етакчи маданий муассасалари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳам муҳокама қилинди.
Тақдимотда маданий мерос объектларини реставрация қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Николай Романов саройида Ўзбекистон давлат санъат музейи филиалини ташкил этиш, Мухтор Ашрафий уй-музейини замонавий талаблар асосида қайта жиҳозлаш бўйича режалар тақдим этилди.
Президентга ўзбек миллий санъатини халқаро саҳналарда тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам маълум қилинди. Жорий йилда «Тамерлано» операси Дубай, Вена, Санкт-Петербург ва Версаль саҳналарида намойиш этилган бўлса, 2027 йил март ойида мазкур асар Нью-Йоркдаги машҳур «Карнеги-холл» концерт залида саҳналаштирилиши режалаштирилгани қайд этилди.
Маданий тадбирларни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурида Маданий лойиҳалар миллий операторини ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Янги тузилма йирик халқаро фестиваллар, концертлар ва кўргазмаларни ташкил этиш ҳамда уларни хорижда тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Шунингдек, жорий йилда Самарқандда Жон Леженд концерти муваффақиятли ўтказилгани, яқин ойларда Пекиндаги Буюк Хитой деворида ва Самарқанддаги Регистон майдонида машҳур пианиночи Ланг Ланг, Тошкентда эса бастакор Макс Рихтер концертлари ташкил этилиши режалаштирилгани маълум қилинди.
Тақдимотда Ўзбекистоннинг Венеция биенналеси ва Milan Design Week каби нуфузли халқаро маданий тадбирлардаги иштироки натижалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон павильонлари юз минглаб ташриф буюрувчиларни жалб этгани ва халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, 2026–2027 йилларга мўлжалланган маданий лойиҳалар муҳокама қилиниб, жорий йил сентябрь ойида Нукусда Орол маданияти саммити ўтказиш, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида «Турандот» операси ва «Шелкунчик» балетини янги талқинда саҳналаштириш, шунингдек, 2027 йилги Бухоро биенналесига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Тақдимот якунида давлат раҳбари барча лойиҳаларни пухта тайёрлаш, реставрация ишларининг сифатини қатъий назорат қилиш, миллий қадриятларни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро маданий ҳамкорликнинг амалий самарадорлигини ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter