Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари яна ошди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари яна ошди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари апрел ойида яна ўсиб, қарийб 71 миллиард долларга етди. Марказий банк маълумотларига кўра, 1 май ҳолатида мамлакатнинг халқаро активлари 70,89 миллиард долларни ташкил этган. Бу март ойига нисбатан 1,9 миллиард долларга ёки 2,76 фоизга кўпдир.

Асосий улуш яна олтин ҳиссасига тўғри келмоқда. Регулятор омборларидаги олтин қиймати апрел давомида 743,6 миллион долларга ошиб, 61,59 миллиард долларга етган. Шу билан бирга, олтиннинг жисмоний ҳажми қисқариб, 13,3 миллион трой унцияси ёки тахминан 413,7 тоннани ташкил этди.

Марказий банк 2025 йил сентябридан бери илк бор ташқи бозорда олтин сотгани қайд этилди. Апрел ойида захиралар қарийб 0,1 миллион унцияга, яъни 3,1 тоннага камайган. Бу даврда жаҳон бозорида олтин нархи юқори даражада сақлангани фонд активлари қийматининг ўсишига таъсир қилди.

Апрел ойида мамлакатнинг валюта захиралари ҳам сезиларли кўпайди. Расмий маълумотларга кўра, валюта активлари 1,15 миллиард долларга ёки 15,2 фоизга ошиб, 8,72 миллиард долларга етган.

Хусусан, хорижий марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармасида сақланаётган маблағлар 1,24 миллиард долларгача кўтарилган. Хорижий банклардаги валюта маблағлари эса 5,92 миллиард долларни ташкил этган.

Марказий банкнинг хорижий қимматли қоғозларга киритган инвестициялари ҳам ошди. Қимматли қоғозлар портфели қиймати 1,549 миллиард долларга етган бўлса-да, уларнинг умумий захиралардаги улуши 2,2 фоизгача пасайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг