Президент Инвесторларга хизмат кўрсатиш марказида бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев ташрифининг иккинчи куни Фарғона шаҳридаги Инвесторларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Фарғона шаҳрида ташкил этилган «Фарғона экспо» халқаро кўргазмалар маркази фаолияти вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини кенг намойиш этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш ва инвесторлар учун қулай сервис муҳитини яратишга қаратилган.
Марказ нафақат кўргазма майдони, балки тадбиркорлар ва инвесторлар учун яхлит мулоқот майдончаси вазифасини ўтамоқда.
Беш гектар майдонни эгаллаган мажмуада 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларини намойиш этиш имконияти яратилган.
Янги барпо этилган 8 қаватли бинонинг дастлабки икки қавати савдо, инвестиция ва тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар учун ажратилган. Юқори қаватлар эса инвесторлар ва бизнес вакиллари учун офис сифатида тақдим этилади.
Марказда йил давомида 15 та тармоқ йўналиши бўйича доимий кўргазма-ярмарка фаолият юритади. Бу ерда давлат идоралари, ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва инвесторлар бир майдонда учрашиб, амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўлади.
Фарғона тажрибасининг самарадорлигини инобатга олган ҳолда, бундай замонавий кўргазма залларини Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам барпо этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари марказда вилоятнинг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятига оид кўргазмалар билан танишди. Машинасозлик, электротехника, заргарлик, чарм-пойабзал, ҳунармандчилик, тиббиёт ва фармацевтика каби тармоқлар маҳсулотлари намойиш этилди.
Шунингдек, ҳудуд учун стратегик аҳамиятга эга йирик инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Президентимиз инвесторлар билан суҳбатлашди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter