Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғонада IT-Парк университети ва INHA университетининг филиали очилади

Фарғонада IT-Парк университети ва INHA университетининг филиали очилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Фарғона шаҳрида IT-Парк университети, Марғилонда INHA университетининг филиали очилиб, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дастурий муҳандислик йўналишларида йилига 1 минг нафар талабани ўқитиш йўлга қўйилиши белгилаб берди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Фарғонада IT хизматлари 4 карра ўсди, экспорт 23 миллион доллардан ошди. 2026 йилда Фарғона шаҳрида жами майдони 30 минг квадрат метр бўлган IT-Парк ишга туширилди. Яқинда Қувадаги 1-сонли техникумда «IT-кластери» фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур кластерда йилига 100 нафар ёшлар дастурлаш, робототехника, график дизайн ва хорижий тилга ўқитилади.

Давлат раҳбари мутасаддиларга янги ўқув йилидан Қува тажрибаси асосида яна 16 та туманда 1 тадан техникумда бундай кадрлар тайёрлашни бошлаш топширди.

Шунингдек, йиғилишда ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий қилиш орқали харажатни 20 фоизгача қисқартириш, даромадни эса 30 фоизга ошириш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун стартап экотизими керак. Мутасаддиларга хориждан нуфузли акселератор компанияни Фарғонага олиб келиб, 10 та йирик маҳаллий корхоналарга боғлаш, бу корхоналар негизида меҳнат унумдорлиги, таннарх, энергия тежамкорлик бўйича пилот лойиҳаларни бошлаш топширилди. Энг юқори самара берган лойиҳалар бошқа саноат корхоналарида ҳам оммалаштирилади.

Қайд этилишича, 5 йилда Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 20 карра ошди. Лекин Фарғонага бунинг бор-йўғи 2,5 фоизи тўғри келади. Электрон тижорат ҳозирги суръатда ривожланса, келаси беш йилда 3,5 миллион квадрат метрли тижорат омборлари керак бўлади.

Фарғонада камида 100 минг квадрат метрли омборхона ташкил қилиш, шунинг 30 минг квадрат метрини жорий йил ишга тушириш кераклиги қайд этилди. Саноат ва ҳунармандчиликка ихтисослашган 126 та маҳалладаги 10 нафардан тадбиркорни электрон тижорат платформаларидан фойдаланишга ўргатиш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг