Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда уч йилда 50 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда

Қашқадарёда уч йилда 50 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда ҳудуддаги саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги кўрсаткичларини янада ошириш вазифаларини белгилади.

Йилнинг тўққиз ойида вилоят саноати 8,4 фоизга, хизматлар соҳаси 16,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4,9 фоизга ўсди. Бироқ давлат раҳбари эришилган натижалар билан вилоятнинг мавжуд салоҳияти ўртасида ҳали катта фарқ борлигини қайд этди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича вилоят республикада еттинчи, хизматлар бўйича тўққизинчи, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича эса ўн биринчи ўринда турибди.

Президент туман ҳокимлари ва банклар билимга рағбат, меҳнатга имконият ва ташаббусга мадад берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

Йиғилишда вилоятнинг газ, электр энергияси ва ер ости бойликларини даромадли иш ўринлари ҳамда юқори қўшилган қийматга айлантириш вазифаси қўйилди.

«GTL» заводида қиймати 300 млн доллар бўлган учта йирик лойиҳа тайёрланган. Заводдан олинадиган 430 минг тонна нафта асосида янги полимерлар ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 1,5 млрд долларлик лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд.

Шунингдек, Деҳқонобод калий заводи қувватини йилига 365 минг тоннадан 600 минг тоннагача ошириш имконияти кўриб чиқилди. Кичик тоннажли кимё йўналишида эса умумий қиймати 830 млн доллар бўлган 30 дан ортиқ лойиҳавий таклиф мавжудлиги маълум қилинди.

Вилоятга тайинланган лойиҳа менежери ва бошқа масъулларга уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Дастур 20 млрд долларлик лойиҳаларни ҳамда 50 мингта иш ўрнини қамраб олиши керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг