Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қишда шамолламай десангиз, витамин D ни ҳозир текширтиринг!

Қишда шамолламай десангиз, витамин D ни ҳозир текширтиринг!

Қишда тез-тез касал бўласизми, эрталаб уйғониш қийинми, доим чарчоқ ҳис қиласизми? Балки организмингизга витамин D етишмас. Кўпчилик витамин D ни қишда текшириш керак, деб ўйлайди. Аслида эса уни ёз охири август, сентябр ойларида текширган маъқул.

Сабаби оддий, организм витамин D нинг асосий қисмини қуёш нури таъсирида ҳосил қилади. Бу жараёнда ультрабинафша нурларнинг UV-B тури муҳим аҳамиятга эга.

Қуёш қиздириб турган пайтда тери витамин D ни кўпроқ ишлаб чиқаради. Куз келиши билан эса қуёш нурларининг таъсири камаяди. Шунинг учун ёзда тўпланган витамин D захираси қишга бориб аста-секин камайиши мумкин. Шу нуқтаи назардан август ва сентябр ойларидаги таҳлил организмда витамин D етарлими ёки йўқми, деган саволга жавоб олиш учун қулай вақт ҳисобланади.

Агар ёзнинг қуёшли даврида ҳам витамин D паст чиқса, «қишда қуёш чиқса, ўзи кўтарилиб кетар» деб кутиб ўтиргандан фойдп йўқ. Аксинча, куз ва қиш ойларида қуёшдан олинадиган UV-B таъсири камайиши сабаб витамин D яна пасайиши мумкин.

Витамин D бизга ўзи нима учун керак? Витамин D организм учун шунчаки оддий витамин эмас. У суяклар, мушаклар ва иммун тизими фаолиятида муҳим рол ўйнайди. У етишмаса, организмда турли муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Масалан, суяклар заифлашиши мумкин. Чунки витамин D кальцийнинг ичакда сўрилишига ёрдам беради. У етарли бўлмаса, организм кальций мувозанатини сақлаш учун суяклардан кальций олишни кучайтириши мумкин. Вақт ўтиши билан бу суяк зичлигининг камайишига олиб келиши эҳтимоли бор.

Витамин D камлиги айрим одамларда ҳолсизлик, мушакларда кучсизлик ва кайфият тушиши каби белгилар билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Аммо бундай белгилар фақат витамин D етишмовчилигига хос эмас. Шунинг учун ўзингизга ташхис қўйиш эмас, таҳлил орқали аниқлаш муҳим.

Иммун тизимида ҳам витамин D нинг ўрни бор. У организмнинг инфекцияларга қарши ҳимоя механизмларида иштирок этади. Бироқ «витамин D ичсам, умуман шамолламайман» деган тушунча нотўғри. У барча касалликлардан ҳимоя қилувчи восита эмас.

Витамин D даражасини бир неча кунда тўғрилаб бўлмайди. Етишмовчилик аниқланса, уни тўлдириш учун вақт керак бўлади. Шунинг учун ёз охирида таҳлил топшириб, натижани билиб олиш фойдали. Агар даража паст бўлса, шифокор тавсияси асосида уни тўлдириш чоралари кўрилади. Бу эса қишга организмни яхшироқ тайёрлаш имконини беради.

Витамин D ҳолатини баҳолаш учун одатда қондаги 25-гидроксивитамин D, яъни 25(OH)D кўрсаткичи текширилади. Натижа паст чиқса, витаминни ўзбошимчалик билан катта дозада қабул қилиш керак эмас. Витамин D ҳам меъёридан ортиқ қабул қилинса, организмга зарар етказиши мумкин. Шунинг учун таҳлил натижасини шифокор билан муҳокама қилиб, керак бўлса, ёш, овқатланиш, қуёшга чиқиш, ҳамроҳ касалликлар ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда дозани белгилаш тўғри бўлади.

Сентябр — организмдаги ҳолатни текшириб олиш, етишмовчилик бўлса, уни ўз вақтида тўлдириш ва қишга тайёргарлик кўриш учун яхши фурсат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг