Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўқонга йўл олган 13 ёшли қиз Ғиждувонда тўхтатиб қолинди

Қўқонга йўл олган 13 ёшли қиз Ғиждувонда тўхтатиб қолинди

Фото: Kun

Ижтимоий тармоқдаги бир танишув 13 ёшли ромитанлик вояга етмаган қизни юзлаб километр узоқликдаги йўлга бошлаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор ҳаракат қилмаганида, бу воқеанинг қандай оқибатлар билан тугаши номаълум эди, албатта.

Маълум бўлишича, Ромитан тумани Қумробод маҳалласида яшовчи, 13 ёшли қиз жорий йилнинг 13 июль куни эрталаб уйидан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Шу куни унинг бобоси вилоят Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, неварасининг бедарак йўқолганини маълум қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қиз интернет орқали Қўқон шаҳрида яшовчи А. исмли йигит билан танишган. У билан шахсан учрашиш мақсадида оила аъзоларини огоҳлантирмасдан, уйидан чиқиб кетган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбарининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан ички ишлар ходимлари томонидан ўз вақтида кечиктириб бўлмас вазиятларда қидирув ишлари амалга оширилган. Тезкор чоралар самара берган. 

Ромитан тумани Ички ишлар бўлими ходимлари зудлик билан қидирув тадбирларини бошлаган. Тезкор суриштирувлар давомида қизалоқ Бухоро–Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли таксида Қўқон шаҳрига кетаётгани аниқланган. 

Вояга етмаган қизалоқнинг йўқолиши юзасидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида эҳтимолий кўнгилсиз ҳолатнинг олди олинган. Интернет орқали танишган А. Исмли йигит билан учрашиш учун Қўқон шаҳрига йўл олган 13 ёшли қиз Ғиждувон тумани ҳудудида тўхтатилиб, оиласи бағрига соғ-саломат қайтарилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Ромитан тумани прокуратурасига юборилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолатнинг барча жиҳатларини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу воқеа интернет орқали ўрнатиладиган танишувлар, айниқса, вояга етмаганлар иштирокидаги мулоқотлар қанчалик хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатади. Ота-оналарни фарзандларининг интернетдаги мулоқотига бефарқ бўлмасликка, улар билан доимий мулоқотда бўлишга чақирамиз,—дейди ахборот хизмати раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг