Қуёш, ой ва юлдузлар соясида барпо этилган Бухоро
Бухоро воҳасида бугунги кунда 829 та маданий мерос объектлари сақланиб қолинган. Улар орасида илк ўрта асрларга тааллуқлилари ҳам бор. Аксарияти сўнгги ўрта асрларга мансуб. Бухоро давлат Университети мустақил тадқиқотчиси, Физика кафедраси катта ўқитувчиси Зилола Тўқсанованинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу обидаларнинг неча юз йиллардан буён бус-бутун ҳолда етиб келишининг муҳим сабаблари бой меъморчилик тажрибаси, қурилиш материалларининг мустаҳкамлигига боғлиқ. Шунингдек, аждодларимизнинг аниқ фанлар, физика, математика, астрономия фанларини яхши ўзлаштиргани ҳам муҳим туртки бўлган.
Мустақил тадқиқотчи Бухоро архитектура ёдгорликларининг боқий яшаб келаётганини уларнинг осмон жисмлари билан боғлиқ ҳолда барпо этилганига ҳам боғлайди.
«Шаҳарнинг энг қўҳна иморатларидан Аркнинг бунёд этилиши муаррих Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида баён этилган. Хусусан, бухорхудот Бидун олимларни йиғиб, маслаҳатини олгандан сўнг, катта Айиқ, осмондаги етти қароқчи юлдузлари шаклида, еттита тош устунда устига Аркни қайта қуради. XII асрда Қорахонийлар сулоласидан Бухоро подшоҳи Арслонхон келгуси авлодларга салтанатидан мангу бир нишона қолдириш ниятида ажиб бир иншоот бунёд этишга жазм этади. Бу хайрли ишга барча мунажжим, меъмор ва устазодаларни жалб этиб, улардан иморат лойиҳаларини бир ой муҳлат ичида топширини буюради. Муддат тугагач, меъмор ва муҳандислар турли шаклдаги масжид, мадраса, хонақоларнинг лойиҳа чизмаларини ҳукмдорга тақдим этишади. Лекин, унга бирортаси ҳам маъқул бўлмайди. Фақатгина минора қурилиши лойиҳаси маъқулланган. Айни бундай баланд иншоотнинг боқий туришини фалакиётшунос олимлар исботлаб беришган. Меъморчиликда яширинган бу астрономик белгилар аждодларимизнинг биз ўйлагандан ҳам зиёда билимга эга эканини исботлайди»,-дейди Зилола Тўқсанова.
Бухородаги, деярли, барча обида ва қадим иншоотлар геометрик, астрономик ва ҳатто, математик жиҳатдан ҳам синчковлик билан барпо этилгани маълум https://xabar.uz/xj59
Тарихга кўра, XV асрда темурийзода Мирзо Улуғбек мамлакат ҳудудида қурдирган мадрасаларидан биринчиси 1417 йилда Бухорода қад ростлаган. Мадраса архитектураси ва унинг безатилиши диққатга сазовор. Чунки, бинонинг деворлари, айвон ва бошқа кисмлари буюк астроном-олим Улуғбекнинг чизмалари асосида коинотнинг сирли кошинлари билан безатилган.
«Мадраса астрал характерга эга бўлган орнамент (нақшлар) билан безатилган бўлиб, улар Улуғбекнинг астроном сифатида дунёқарашини ифодалайди. Биринчи қарашдаёқ, мадраса ўзининг ажойиб гармонияси билан кишини маҳлиё қилади. Кейинроқ Марказий Осиёда мадрасалар ана шу нусхада қурила бошлангани ҳам таҳсинга лойиқ. Бундан ташқари, мадрасада диний фанлар билан бирга, дунёвий фанлар, хусусан, фалакиёт илми ўқитилишига алоҳида эътибор қаратилган. Бухоро шаҳридаги Калон масжидининг бугунги кунга қадар етиб келишидаги синоатлардан бири унинг Қуёш буржига қараб қурилганлигидир. Коинот жисмлари билан ҳамоҳанглиги унинг бардавомлигини таъминлаганлигига, шубҳа йўқ. Калон масжиди Хонаи Каъбанинг асл, олдинги шаклига монанддир. Балки, шунинг учун ҳамдир Аллоҳ назари тушган замин Калон масжидининг умри боқий ва бардавомдир»,-дейди мстақил тадқиқотчи.
Суҳбатдошнинг айтишича, XVI аср ёдгорлиги саналган Хўжа Зайниддин масжид хонақосининг ҳам баландлиги 7 метрли айвон шифти ва текис томини 8 та безакли ёғоч устунлар кўтариб туради. Устунларнинг бари мармар тагкурсиларга мустаҳкамланган. Шифт тоқили, юлдузсимон 7 ҳовузакларга бўлиниб, ҳандасий нақшлар билан жозибадор безатилган. Шарқий томондаги марказий қисмига юлдузсимон ҳовзак ишланиб, муқарнасилар билан жилолантирилган. Юлдузсимон шаклдаги ҳовзакнинг ўн икки бурчагидан йирикроқ ёғоч тахтачалардан бўрттириб ишланган геометрик нақшлар тарқалган. Ҳовзак юлдузсимон муқарнаслар ёрдамида безалган карниз билан якунланиб, ёнларидаги, нисбатан соддароқ безалган ҳовзакчалар билан уйғунлашган. Шимол томондаги айвон шифтининг марказида эса ўн қиррали юлдузсимон шаклдаги ҳовзак жойлашган бўлиб, ёнлари шарафалар билан безалган.
«Айвоннинг бурчак қисми ҳам серҳашам безалиб, юлдузсимон муқарнаслар билан тўлдирилган иккита олти қиррали ҳовзакдан иборат. Айвоннинг деворларига ганч ишлатилган бўлиб, оқ рангли девор ва айвоннинг қошинкорлиги усталарнинг юксак маҳоратидан дарак. Бизгача етиб келган айвоннинг харили шифт ва томи XVI асрга хос бўлган ёғоч харилар ва текис томлар конструкциясининг ажойиб намунасидир. Шарқий томондаги иккита асосий устун юзароқ ўйма геометрик нақш билан безалиб, юқори қисми мадоҳил нақшли қош билан якунланган. Масжиднинг салобати ва ҳашамдорлигининг тожи саналган гумбаз гўзаллиги эса ҳар қандай одамни сеҳрлаб қўшиши, шубҳасиз. Гумбазнинг пастки учидаги айлана лента бўйлаб битилган эски ёзув ва муқаддас битиклар бежирим хаттотлик кўринишида. Хона гумбази мураккаб қалқонсимон бағаллар асосига таянган. Гумбаз ичи 32 га бўлиниб, улар ҳалланган майда гуллар билан безатилган, гумбазнинг қуйи қисми эса муқарнаслар қатори билан ҳошияланган. Гумбаз, тахмонлар, меҳроб ва ғарбий девордаги ёзувлар қатори кундал усулида бажарилган. Гумбаз қуйи атрофида кўкимтир нақшлар бўлса-да, марказида учига интилаётган ўсимликсимон нақшлар ва гулбарглар гулдастаси акс этган. Чинни-олтин косани эслатувчи гумбазга диққат билан разм соларкансиз, булутлар орасидан нур сочиб, чарақлаётган қуёш кўзга ташланади»,-дейди Зилола Тўқсанова.
Бухоронинг сўнгги сулоласи - манғит амирларининг ёзги саройининг Ситораи Мохи Хосса, деб аталиши ҳам бежизга эмас. Яъни, «Оймананд юлдузлар саройи», «Шоҳнинг кўнглидаги юлдуз» маъноларини ифодалайди. Сарой хоналарининг ёғоч, ганч, ойнаванд безакларида ой, юлдуз тасвирлари кўп учрайди.
Мустақил тадқиқотчи ўз суҳбатида 1914-1915 йилларда барпо этилган Амир Олимхон мадрасасининг ҳам пухта билим асосида барпо этилганини билдириб, унинг ҳам астрономик шаклларга бойлигини таъкидлайди.
Суҳбатдош Амир Олимхон мадрасанинг зукко олиму фузалоларини йиғиб, ушбу масканни академияга айлантириш лозимлигини билдирганини таъкидлайди. Ўша даврда ҳам бу йирик илмий муассасанинг айни шаҳарнинг бош маркази, Минораи Калон ёнидан танлангани ҳам бежизга эмас, албатта.
«Балким, ўшанда Амир Олимхон илму нужум-фалакиёт илмини минора орқали тадқиқ этишни ҳам ният қилгандир. Бухоро тарихий обидаларида астрономик белгилар ва осмон жисмлари тасвирининг акс этиши аждодларимизнинг фалакиёт илмини пухта эгаллагани, моҳир мунажжимлар бўлиб етишганидан дарак. Мазкур омил сабабидан ҳам ёдгорликлар асрлар оша боқий яшайверади»,-дейди Зилола Тўқсанова.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter