Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қуёш панеллари учун 330,8 млрд сўм субсидия ажратилди

Қуёш панеллари учун 330,8 млрд сўм субсидия ажратилди

2026 йил январ–июн ойларида «Қуёшли хонадон» дастури доирасида 68,6 минг нафар жисмоний шахс давлат бюджети ҳисобидан жами 330,8 млрд сўмдан ортиқ субсидия олди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, мазкур маблағ электр тармоқларига узатилган қуёш энергияси учун тўланган. 2026 йил июн ойининг ўзида фойдаланувчиларга 100,7 млрд сўмлик субсидия ажратилган.

Бу даврда «Қуёшли хонадон» дастури иштирокчилари сони ҳам ўсган. Январ–июн ойларида дастурдан фойдаланганлар 68,6 минг нафарни ташкил этган бўлса, июн ойида бу кўрсаткич 61,1 минг нафар этиб қайд қилинган.

Субсидияларнинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келди. Ушбу ҳудудда олти ой давомида 61,9 млрд сўм субсидия тўланган.

Кейинги ўринларда Хоразм вилояти 60,5 млрд сўм ва Қашқадарё вилояти 37,3 млрд сўм билан қайд этилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 38,9 млрд сўм, Навоий вилоятида 25,3 млрд сўм ва Фарғона вилоятида 22,1 млрд сўм субсидия ажратилди.

Энг кам маблағ Сирдарё вилоятида 3,6 млрд сўм, Жиззах вилоятида 4,8 млрд сўм ҳамда Сурхондарё вилоятида 5,5 млрд сўмни ташкил қилди.

Маълумот учун, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб «Қуёшли хонадон» дастури доирасида уйига қуёш панеллари ўрнатган жисмоний шахсларга ягона электр энергетикаси тизимига узатилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўм миқдорида давлат субсидияси ажратиб келинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг