Руминияда аёлларни ўлдирганлик учун умрбод қамоқ жазоси белгиланди
Руминия президенти Никушор Дан фемицидга қарши кураш тўғрисидаги қонунни имзолади. Энди мамлакат қонунчилиги аёлнинг қасддан ўлдирилишини гендер зўравонлигининг алоҳида тури сифатида расман тан олади.
Олдин бу каби жиноятлар шафқатсиз қотиллик моддаси бўйича суд қилинар эди. Янги меъёрлар 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазосини белгилайди.
«Аёлларга нисбатан зўравонлик — энг камситувчи ва ҳақоратли ҳаракатлардан биридир. Жуда узоқ вақт давомида тажовузнинг бу тури ё эътиборсиз қолдирилди ёки етарлича тўхтатилмади, бу эса фожиали оқибатларга олиб келди», — деб ёзди Никушор Дан.
Ташаббус муаллифлари ўзгаришлар зарурлигини жиноятчилик статистикаси билан асослашди. 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида мамлакатда оила ичидаги 33 та қотиллик қайд этилган. 69 фоиз ҳолатларда аёллар қурбон бўлишган. Ўртача ҳисобда қариндошлар ҳар ойда уч нафар аёлни ўлдирмоқда.
Қонун лойиҳаси 2025 йил октябр ойида парламентга тақдим этилган эди. Уни барча сиёсий партиялардан 270 дан ортиқ депутат қўллаб-қувватлади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, янги термин полицияга жиноят содир этилгунига қадар маиший зўравонлик ҳолатларига самаралироқ аралашиш имконини беради. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан Руминия ҳуқуқ тизимида фемицид тушунчасини мустаҳкамлаган Хорватия, Италия, Белгия, Кипр ва Малта каби Европа давлатлари қаторига кирди.
Фемицид — эркаклар томонидан ёки патриархал манфаатлар йўлида нафрат негизида содир этиладиган аёл жинсига мансуб шахсларнинг қасддан ўлдирилишидир. Кўпинча аёллар уйдаги зўравонлик қурбони бўлишади, қотилликлар эса давлатнинг бепарволиги оқибатида содир бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter