Самарқанд шаҳри ҳудуди 17,2 минг гектарга кенгайтирилади
Самарқанд шаҳри ҳудуди Самарқанд туманини тугатиш ҳамда Оқдарё, Пастдарғом ва Тойлоқ туманларининг бир қисмини шаҳар таркибига қўшиш ҳисобига кенгайтирилади. Мазкур масала Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
Самарқанд шаҳрига жами 17 226,5 гектар ер майдони қўшилиши белгиланган. Шундан:
- Оқдарё туманидан — 1 410,6 гектар;
- Пастдарғом туманидан — 1 243,3 гектар;
- Самарқанд туманидан — 13 308 гектар;
- Тойлоқ туманидан — 1 265,6 гектар.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳудудларни қайта ташкил этиш орқали айрим маъмурий, кадастр ва коммунал муаммоларни ҳам ҳал қилиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, айрим ҳудудларда туман ва шаҳар чегаралари сабабли кадастрни расмийлаштириш, коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳамда мулк масалаларида муаммолар юзага келаётгани қайд этилди.
Мисол сифатида бир бинонинг айрим кириш қисмлари Самарқанд туманида, қолган қисми эса Самарқанд шаҳрида жойлашган ҳолатлар мавжудлиги айтилди. Янги маъмурий-ҳудудий чегараларни белгилаш орқали бундай муаммоларни бартараф этиш мақсад қилинган.
Шунингдек, шаҳарга қўшиладиган янги ҳудудларни Самарқанд маркази билан самарали боғлаш, транспорт тирбандликларини камайтириш ва аҳолига қулай жамоат транспорти хизматларини йўлга қўйиш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.
Мутасаддилар Самарқанд шаҳрида транспорт оқими ортиб бораётгани сабабли йўл ва жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Бунда аввал ишлаб чиқилган бош режа мавжуд транспорт оқимларидан келиб чиқиб такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter