Санъаткорларни солиққа тортиш бўйича қарор муҳокамаси якунланди
Адлия вазирлиги ишлаб чиққан «Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланди.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа сўнгги йилларда энг кўп муҳокама қилинган ҳужжатлардан бирига айланиб, қарийб 16 минг марта кўрилган. Муҳокама давомида фуқаролар ва мутахассислардан 130 та таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган.
Қарор лойиҳаси солиқ қонунчилигида белгиланган мажбурийлик ва адолатлилик принципларини амалда таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда концерт-томоша соҳасидаги молиявий муносабатларни тартибга солиш ва ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш назарда тутилган.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда 2 020 нафар хонанда солиқ декларацияси топширган ва уларга жами 1,1 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу ҳар бир санъаткорга ўртача йиллик 544,5 минг сўм тўғри келганини англатади. 2025 йилда эса вазият янада кескин: атиги 305 нафар хонанда декларация топшириб, жами 154 млн сўм солиқ тўлаган. Ўртача ҳисобда бир нафар ижрочи йилига 505,6 минг сўм солиқ тўлагани қайд этилган.
Қарор лойиҳаси манфаатдор вазирлик ва идоралар, жумладан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter