Сергелидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5–2 баравар юқори юклама билан ишлаяпти – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Сергели туманидаги таълим ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар белгиланди.
Қайд этилишича, Сергелидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5–2 баравар юқори юклама билан ишламоқда. Шу боис ўқувчи ўринларини икки бараваргача ошириш имконини берадиган янги типдаги мактаблар қуриш таклиф этилди. Янги лойиҳада спорт зали, ошхона ва устахоналар ертўлада жойлаштирилиб, юқори қаватлар тўлиқ синф хоналарига ажратилади.
Президент жорий йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада мазкур ёндашувни жорий этиб, «пойтахт тажрибаси»ни шакллантиришни топширди.
Йиғилишда пойтахтда салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланиши маълум қилинди. Уларнинг учтаси Сергели туманидаги Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.
Шунингдек, «Жўн» канали ва Чирчиқ дарёси бўйларини ободонлаштириш ишлари давом эттирилади. Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига йил охирига қадар канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлаклари барпо этиш, Чирчиқ дарёси бўйлаб эса қўшимча 300 гектар «яшил белбоғ», сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлакларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter