Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда

Давлатимиз раҳбари аввало кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди. 

Илгари вилоят даромадининг 70 фоизи нефть-кимё ва қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобидан шаклланарди. 

Ўтган даврда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция эвазига 8 мингта замонавий қувватлар ишга тушди, тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс берилди, тижорат майдони 10 миллион квадратга кўпайди, 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ўсди. 

Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ошди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди. 

Маҳаллий буджет бўйича ҳокимларга жуда катта имконият яратилгани учун бу йил биринчи чоракда ҳар бир туманда камида 5-10 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди.Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. 

Масалан, илгари Марғилонда бир хонадонда ўртача 2-3 оила яшарди. Бир йилда Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларининг ўзида 241 та эски ҳовлилар ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Марғилоннинг Наврўз маҳалласида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради. 

Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам жадал кетмоқда. 

Сўнгги ўн йилда Фарғонада 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ҳамда 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. Шу билан бирга, 167 та хусусий мактаб пайдо бўлди, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим оляпти. 

Таълим сифати кескин ошгани учун ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича вилоят республикада 3-ўринга кўтарилди. 

Тиббиётда ҳам ўзгаришлар катта. Биргина Бешариқ туманида ўн йил олдин атиги 2 та хусусий клиника бўлган бўлса, ҳозир 50 тага етди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг