Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Швейцария суди Гулнора Каримовага қарши қўзғатилган ишни тўхтатди

Швейцария суди Гулнора Каримовага қарши қўзғатилган ишни тўхтатди

Швейцария Федерал жиноят суди 28 апрель куни Гулнора Каримовага нисбатан юритилган жиноят ишини расман тугатиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда мамлакат миллий телеканали орқали маълум қилинди.

Суд қарорига кўра, ишни кўриб чиқишда «барқарор тўсиқ» мавжуд. Яъни, айбланувчи шахснинг судда шахсан иштирок этиш имконияти бўлмагани жараённи давом эттиришга ҳуқуқий асос қолдирмаган.

Суд жараёни Швейцариянинг Беллинцона шаҳрида бошланган. Бироқ Гулнора Каримова унда иштирок эта олмаган. У 2014 йилдан буён Ўзбекистонда ҳибсда сақланмоқда ва маҳаллий ҳокимият томонидан уни судда қатнашиш учун чиқаришга рухсат берилмаган.

Адвокатлар Каримова судда шахсан иштирок этишни истаганини, аммо бу имкониятдан маҳрум қилинганини билдирган. Суд бу ҳолатни «объектив имкониятсизлик» деб баҳолаб, ишни давом эттириш мумкин эмас, деган хулосага келган.

Суд яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратган: 2028 йилга бориб, эҳтимол Каримова озодликка чиқса,бу вақтда Швейцариядаги айбловлар бўйича даъво муддати тугайди. Демак, ишни давом эттириш ҳуқуқий жиҳатдан маъносиз бўлиб қолади.

Каримованинг ҳимоячилари – Грегуар Манжа, Фанни Маргайра ва Ромен Вавр – суд қарорини амалда оқлов ҳукмига тенг деб баҳолади. Уларнинг фикрича, суд инсон ҳуқуқлари бузилган ҳолатда иш юритиш мумкин эмаслигини тан олган.

«Швейцария қонунчилигига кўра, бу қарор оқлов ҳукмига тенг. Суд жараённи давом эттиришга барқарор тўсиқ борлигини тан олди», – дейилади Адвокатлар баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримовага қарши жиноят иши Швейцарияда 2012 йилда қўзғатилган. Прокуратура уни жиноий гуруҳ ташкил этиш, пул ювиш, пора олиш ва ҳужжатларни сохталаштиришда айблаган.

Тергов версиясига кўра, Каримова «Офис» деб аталган тармоқни бошқарган ва халқаро телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш учун пора талаб қилган.

Бу иш бир неча йил давомида тергов босқичида бўлиб, фақат 2023 йил сентябрь ойида судга оширилган эди.

Швейцария суди қарори билан Каримовага қарши халқаро даражадаги асосий жиноят ишларидан бири ёпилди. Бироқ бу қарор айбловлар мазмунига эмас, балки процессуал сабабларга — яъни судда иштирок этиш имконияти бўлмаганига асосланади. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг