«На билет бор, на шароит» — Сурхондарё ҳокими транспорт тизимидаги муаммоларни танқид қилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудлардаги лойиҳалар ва бажарилаётган ишларни ўрганиш давомида вилоятдаги транспорт тизими билан боғлиқ муаммоларни танқид қилди.
Ҳоким, хусусан, Сурхондарёни Тошкент билан боғловчи М-39 автомобил йўлининг ҳолати, поезд ва вагонлардаги шароит, чипталар тақчиллиги ва нархининг ошиб кетганлигига эътибор қаратди.
«Сурхондарё аҳолисини Тошкент билан боғловчи йўл, М-39 йўлини ҳамма мендан яхши билиб турибди. Бойсундан ўтгандан кейин юриб бўлмайди. Таксиларимиз додлаб юборяпти. Автобусчилар додлаб юборяпти. Юзига қарашга кўзимиз қолмади. Темир йўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совитиш тизими ишлайди, на шароит бор. На билет бор, на вокзалда шароит бор», — деди ҳоким.
Сариосиё йўналишидаги шаҳар атрофи поездларида ҳам йўловчилар учун шароитнинг ноқулайлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳоким Транспорт прокурорини вазиятга томошабин бўлиб турмасликка чақирди.
Темирйўл тизимига алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, поездларни тўлиқ жиҳозлаш ва йўловчилар учун муносиб шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Ҳоким, шунингдек, темирйўл ва авиачипталар нархи қимматлиги ҳамда уларни таниш-билишсиз сотиб олиб бўлмаслигини таъкидлади. Мутасаддиларга вазиятни тузатиш учун бир ҳафта муддат берди.
«Иккита кассир хоҳлаган ишини қилиши керак эмас. Таниши бор билет олиши керак эмас. 10 сўмлик билетни 25 сўмга сотяпти. Алдаб, сунъий тўсиқлар билан. Бир ҳафта, бир ҳафтада ҳамма нарса байрамона безатилсин. Вагонларга одамлар чиқиб раҳмат дейиши керак», — деди Улуғбек Қосимов.
Чипталар нархи ва мавжуд ўринлар бўйича аҳолига очиқ маълумот бериш, сунъий тўсиқлар ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Улуғбек Қосимов вокзаллар ва поездларни, жумладан, Термиз–Тошкент ҳамда Сариосиё йўналишларини шахсан ўрганишини маълум қилди. Аэропорт ва вокзаллардаги хизмат кўрсатиш шароитларини ҳам тўлиқ кўздан кечириш топширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter