Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таниқли олим яқин йиллардаги жиддий хатардан огоҳлантирди

Таниқли олим яқин йиллардаги жиддий хатардан огоҳлантирди

Ғазо секторида овқат учун навбат.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонлик таниқли биолог олим ва ёзувчи Бахтиёр Абдуғафур дунёда яқин йилларда жиддий очарчилик рўй беришидан огоҳлантирди.  

«Жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигига оид сўнгги таҳлиллар ортида ўта жиддий иқтисодий, геосиёсий ва биологик омиллар турибди. Ҳозир дунёда давом этаётган икки йирик уруш — Россия–Украина уруши ва Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро глобал қишлоқ хўжалигининг энг нозик нуқтасига зарба бермоқда. Бу — минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва уларни етказиб бериш тизими. Гап шундаки, замонавий деҳқончиликни азотли, фосфорли ва калийли ўғитларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу моддаларнинг етишмаслиги ҳосил шаклланиши ва маҳсулдорлигига бевосита таъсир қилади», — деб ёзди биология фанлари доктори Бахтиёр Абдуғафур ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.  

Унга кўра, 2026 йил 28 февралда бошланган Эрон уруши оқибатида Ҳўрмуз бўғози орқали халқаро юк ташиш кескин чекланди. Бу ҳудуд орқали жаҳон карбамид савдосининг қарийб 30 фоизи амалга оширилар эди.

Жорий йил апрелда Ҳўрмузга боғлиқ мамлакатлардан карбамид экспорти ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 83 фоизга қисқарган ва карбамид нархи кўтарилган.

«Иккинчи томондан, Россия ва Беларус жаҳон калийли ўғитлар савдосида муҳим ўрин тутади. Уруш, санкциялар ва транспорт-логистика чекловлари бу бозорда ҳам жиддий беқарорлик келтириб чиқарди. Бу нимани англатади? Ўғит қимматлашса, фермер уни камроқ ишлатади. Ўғит етишмаса, ҳосилдорлик пасайиши мумкин. Ҳосил камайса, дон, озиқ-овқат ва чорвачилик маҳсулотлари қимматлашади. Энг хавфлиси, бу жараён занжир реакциясига айланиши мумкин. Айрим мамлакатларда очарчилик, оммавий қашшоқлашув, ижтимоий беқарорлик ва миграция кучайиши эҳтимоли бор», — дейди олим.  

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳам ўғит таъминотидаги узилишлар 2026 йилнинг иккинчи ярми ва 2027 йил ҳосилига салбий таъсир қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

«Энг оғир зарба озиқ-овқат импортига қарам, иқтисодиёти заиф мамлакатларга тегиши мумкин. Аввалги урушларда ер ва нефт учун курашилган бўлса, келгусида дон, сув ва озиқ-овқат ресурслари учун кураш янада кескинлашиши мумкин. Инсоният олдида энди фақат ҳарбий ёки энергетик инқироз эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ улкан синов ҳам турибди. 2027–2028 йиллар бу жиҳатдан, айниқса, оғир кечиши мумкин», — деб хулоса қилади Бахтиёр Абдуғафур.

Аввал хабар берганимиздек, урушлар, иқлим ўзгариши, иқтисодий инқироз ва гуманитар ёрдамлар қисқариши туфайли дунёнинг 300 миллионга яқин аҳолиси очлик хавфига учраши айтилган эди.

Глобал иқлим муаммолари ва айрим мамлакатлар ҳукуматларининг молиявий инқирозга етакловчи хатти-ҳаракатлари оқибатида 2030 йилга бориб очарчилик 600 миллион кишини ўз домига олиши мумкин.

Таҳлилларга қараганда, ҳозирда Ғазо сектори ва Суданда очарчилик кўлами катта.

Ғазо сектори 2023 йил октябр ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган. 2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

Бир неча йилдан буён фуқаролар уруши давом этаётган Суданда ҳам кўп миллионлик аҳоли озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг