Тошкент жадал ривожланмоқда, аммо шаҳарда яшил ҳудудлар ниҳоятда кам — Саида Мирзиёева
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳридаги қатор объектларга ташриф буюриб, мутасаддилар билан яшил майдонларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
ПА раҳбарига кўра, Тошкент жадал ривожланмоқда, аммо, айни пайтда, шаҳарда яшил ҳудудлар ниҳоятда кам. Янги истироҳат боғлари барпо этиш ва атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш — пойтахт келажаги учун энг зарур устувор йўналишлардан.
«Айнан шу сабабдан шаҳардаги қатор муҳим объектларни бориб кўрдим. Ҳар бир масканнинг ўз ўрни, хусусияти бор. Мақсадимиз битта — уларни халққа хизмат қиладиган қулай манзилга айлантириш.
Афросиёб кўчасидаги боғни кўздан кечирдик. Бу ерда барча эмин-эркин дам олиши учун зарур шароитни яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Сайилгоҳ кўчаси, Амир Темур шоҳкўчаси ва унга туташ ҳудудларни янгилаш, Бобур номидаги Экопарк ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги боғ майдонларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдик», дея таъкидлайди Саида Мирзиёева.
Асосий вазифа — пойтахтимизга «яшил шаҳар» мақомини қайтариш, одамлар мазмунли ҳордиқ чиқариши ва сайр қилиши учун имкон қадар кўпроқ очиқ майдонлар яратишдир. Қулай ва хавфсиз муҳитни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш лозим.
Шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш йўлида бу масалаларни ҳал этишга зудлик билан киришмоқ жуда муҳим.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter