Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент метросининг «Турон» бекатида том қулади, жабрланганлар бор

Тошкент метросининг «Турон» бекатида том қулади, жабрланганлар бор

Фото: Тошкент метрополитени

Бугун, 16 июл куни соат 14:34 да «Ер усти ҳалқа» йўналишининг «Турон» метро бекатида том конструкциясининг бир қисми қулади. Бу ҳақда метрополитен маъмурияти хабар берди.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур бекатда метро поездлари ҳаракати зудлик билан вақтинча тўхтатилди. Ҳозирда мутахассислар томонидан ҳолат юзасидан техник ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Мазкур ҳодиса оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Уларга воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Қипчоқ» ва «Қурувчилар» метро бекатлари оралиғида бепул метробуслар ҳаракати йўлга қўйилган.

Ҳолатга Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам изоҳ берди.

Маълум қилинишича, корхона мутахассислари тегишли ташкилотлар билан биргаликда иншоот конструкцияларини визуал ва техник кўрикдан ўтказмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, шифтнинг декоратив қисми шикастланган. Ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида махсус комиссия тузилган бўлиб, айни вақтда тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Бекатга туташ ҳудудда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари транспорт ҳаракатини тартибга солиб, хавфсизликни таъминламоқда.

Текширув ва таъмирлаш ишлари давомида қўшимча автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди:

  • 13 ва 14-бекатлар оралиғида — 4 та автобус;
  • 13 ва 12-бекатлар оралиғида — 4 та автобус.

Автобуслар ҳаракатланиш интервали 3 дақиқани ташкил этади.

Шунингдек, воқеа жойида шаҳар ва фавқулодда хизматларнинг фаолияти таъминланиб, йўловчиларни жамоат транспорти ҳаракатидаги ўзгаришлар ҳақида тезкор хабардор қилиш йўлга қўйилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг