Тошкент шаҳар судлари «Шаҳзод-Gold» бўйича баёнот берди
Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ҳукми билан жамоатчиликка «Шахзод-Gold» номи билан таниш Ш. Узоқовга тайинланган озодликдан чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартирилди. Тошкент шаҳар судлари вазият юзасидан баёнот берди.
Айтилишича, муҳокамалар ҳолат бўйича кенгроқ ахборот беришни тақазо этади.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукми билан Ш. Узоқов (1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) ва Н.Қулдошев (2000 йилда Қашқадарё вилояти туғилган) безорилик (Жиноят кодекси 277-моддаси 3 қисмининг тегишли бандлари) жиноятини содир этишда айбдор деб топилиб, уларга уч ярим йилдан тўрт йилгача бўлган муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган (2025 йил 7 ноябр). Тасдиғини топган айбловга кўра, судланувчилар йўл талаш ортидан ишда жабрланувчи деб топилган фуқаро билан жанжаллашиб куч ишлатишади, шунингдек, уларни ажратишга уринган яна бир фуқарога ҳам қўл кўтариб, ҳар иккисига тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан яширинади. Айни жараёнда жабрланувчининг қимматбаҳо уяли телефон аппаратига ҳам шикаст етказилган.
Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан Ш.Узоқовнинг ҳаракати Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг “а,г” бандлари, Н.Қулдошевнинг ҳаракати шу модданинг 3-қисми “г” банди билан тўғри квалификация қилинган, деб топди.
Бироқ тайинланган жазо тури бўйича ҳукм билан келишмади.
Судлов ҳайъати Ш.Узоқов муқаддам икки марта, Н.Қулдошев бир марта худди шу тоифадаги жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилганига эътибор қаратиб, биринчи инстанция суди томонидан ушбу турдаги жиноят характери ва жамоат учун хавфлилик даражаси етарлича инобатга олинмасдан, асоссиз равишда озодликни чеклаш жазоси тайинланган, деган хулосага келди.
«Судлов ҳайъатига кўра, судланувчиларнинг шахси ва улар томонидан содир этилган қилмишнинг хусусиятига алоҳида эътибор талаб этади. Яъниким, судланувчилар профессионал тарзда аралаш жанг санъати (ММА) билан шуғулланувчи, махсус жисмоний тайёргарликка ва жанг маҳоратига эга. Шундан келиб чиқиб, судлов ҳайъати бундай шахслар оддий фуқароларга нисбатан жисмоний устунликка эга бўлиб, ўз куч ва имкониятларидан фақат қонун доирасида, спорт қоидалари асосида фойдаланиши лозим эканига эътибор қаратди. Спортчига хос интизом ва масъулият намуналарини кўрсатиш ўрнига, арзимас сабаб билан жанжал чиқариб, жабрланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини янада ошириши суд ҳужжатида алоҳида таъкид этилади.
Жиноят кодексининг 8-моддасига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ҳамда шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ келиши шарт.
Шу ва шу каби қатор асосларга кўра, судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди ҳукми бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан уч ярим йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинланди ва улар суд залидан қамоққа олинди. Судланувчиларнинг қамоқда бўлган даври ва ўталган озодликдан чеклаш жазоси тайинланган жазодан чегириб ташланиши ҳукмда алоҳида белгиланди», дейилади хабарда.
Ушбу баёнот ахборот характерида бўлиб, жиноят иши юзасидан Тошкент шаҳар суднинг якуний хулосаси ҳисобланмайди.
Тарафлар Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter