Тошкентда ППХ инспектори 13 ёшли болани қутқариб қолди
Тошкентда ППХ инспектори «Бўрижар» каналида чўмилаётган 13 ёшли Муҳаммад Ғайратни қутқариб қолди.
Яккасарой ҳокими матбуот котибига кўра, воқеа бугун, 6 август куни содир бўлган.
Боланинг чўкаётганини кўрган Яккасарой тумани пост-патрул хизмати инспектори Расул Жўраев ўзини сувга ташлаб, болани олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Мазкур воқеа ҳуқуқ-тартибот ходимининг жасорати, фидойилиги ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш йўлидаги қаҳрамонлик намунаси сифатида эътироф этилди.
Қаҳрамонлар орамизда
Июл ойида темирйўл ходими Аъзам Ибрагимов Сергели туманидаги Қорасув каналига тушиб кетган икки қизни қутқарган эди. Шундан сўнг «Ўзбекистон темир йўллари» ушбу ходимни мукофотлаган.
Бундан аввалроқ Қашқадарёнинг Китоб туманида 9 ёшли бола велосипед учаётганида дарёга йиқилган. Шу атрофда яшовчи, боланинг акаси одамларни ёрдамга чақираётганини эшитган ФВБ ходими дарҳол ёрдамга келиб, болани сувдан чиқариб олган.
Апрел ойида эса Наманганда ФВБ ходими ишдан қайтаётганида «Катта Наманган» каналида оқиб келаётган уч ёшли болани кўриб қолган ва унинг ҳаётини сақлаб қолган.
Афсуски, болалар ҳаётини сақлаб қолиш учун қутқарувчилар ўз жонидан кечган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Шундай ҳодисалардан бири 2025 йил 5 май куни содир бўлганди. Икки нафар 8 ёшли қиз Бўрижар каналига тушиб кетганига гувоҳ бўлган Абдуманноп Самиқов уларни қутқариш учун ўзини сувга ташлайди ва шу атрофдаги спорт мажмуаси ходимининг ёрдами билан қизларни қутқариб қолади, аммо ўзи сувдан чиқолмайди. Қаҳрамон ўлимидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter