Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдаги айрим ташкилотларда иш кунини соат 8:00 дан бошлаш таклиф қилинмоқда

Тошкентдаги айрим ташкилотларда иш кунини соат 8:00 дан бошлаш таклиф қилинмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳар ва туман ҳокимликлари, шаҳар бошқармалари ҳамда уларга қарашли бўлинмаларда иш вақтини соат 8:00 дан 17:00 гача белгилашни таклиф қилмоқда.

Қайд этилишича, янги графикда иш кунининг умумий давомийлиги ўзгармайди. Ходимлар ишни бир соат эртароқ бошлайди ва шунга мос равишда бир соат эртароқ якунлайди.

Ҳокимликка кўра, бугунги кунда кўплаб ижтимоий муассасалар, айрим давлат ташкилотлари ҳамда корхоналарда иш куни соат 8:00 да бошланади. Шу вақтдан шаҳарда фаол ҳаёт бошланиб, фуқаролар давлат ва шаҳар хизматларига мурожаат қилади. Шу сабабли ҳокимлик ва унга қарашли хизматларнинг ҳам айни вақтдан бошлаб аҳолига хизмат кўрсатишга тайёр бўлиши муҳимлиги таъкидланмоқда.

Иш вақтларини уйғунлаштириш бир нечта идора иштирокини талаб қиладиган масалаларни тезроқ мувофиқлаштиришга ҳам ёрдам бериши кутилмоқда.

Шунингдек, Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан олиб борилган транспорт оқимлари таҳлили ва моделлаштириш натижаларига кўра, иш бошланиш вақтларини тақсимлаш эрталабки тиғиз пайтларда йўл тармоғига тушадиган юкламани камайтириши мумкин.

Янги иш графиги жорий этилган тақдирда, тушлик вақти ҳам шунга мос равишда ташкил этилади. Бу транспорт оқимлари ва умумий овқатланиш объектларига тушадиган юкламани кун давомида бир маромда тақсимлаш имконини бериши кутилмоқда.

Агар таклиф сўровнома натижаларига кўра аҳоли томонидан қўллаб-қувватланса, Тошкент шаҳар ҳокимлиги уни белгиланган тартибда касаба уюшмалари ташкилотлари билан келишиш учун кўриб чиқишга киритади.

Сўровнома натижалари 28 август куни сарҳисоб қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг