Хизмат кўрсатиш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган компаниялар очиқланди
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–март ойларида хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи 161 751 та юридик шахс томонидан 10,8 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган.
Соҳадаги жами товар айланмаси 208,7 трлн сўмни ташкил этган. Корхоналар томонидан 9,1 трлн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланилган.
Шундан 20 та энг йирик солиқ тўловчи ҳиссасига 2,1 трлн сўм солиқ тушуми тўғри келган. Бу умумий тушумнинг 19,8 фоизини ташкил этади. Топ-20 компаниянинг жами товар айланмаси 25,9 трлн сўм, фойдаланилган солиқ имтиёзлари эса 1,5 трлн сўмдан ошган.
Йирик солиқ тўловчилар
Энг кўп солиқ тўлаган 10 та компания қуйидагилар бўлди:
«O‘zbektelekom» АЖ — 353,4 млрд сўм;
«Asia Trans Gas» МЧЖ — 351,4 млрд сўм;
«Uzbekistan Airways» АЖ — 232 млрд сўм;
«Coscom» МЧЖ — 127,4 млрд сўм;
«Paynet» АЖ — 115 млрд сўм;
«Islom Karimov nomidagi Toshkent xalqaro aeroporti» МЧЖ — 108,4 млрд сўм;
«Unitel» МЧЖ ХК — 107,5 млрд сўм;
«My Freighter» МЧЖ — 85,7 млрд сўм;
«Temir yo‘l infra tuzilma» МЧЖ — 85 млрд сўм;
«Universal Mobile Systems» МЧЖ — 83,4 млрд сўм.
Шунингдек, кейинги ўринларда «Toshshahartransxizmat» АЖ, «O‘zbek geologiya qidiruv» АЖ, «YGO UB» МЧЖ, «Information Technology Center» МЧЖ ҚК ва бошқа компаниялар қайд этилган.
Солиқ тушумлари таркиби
Топ-20 компания томонидан тўланган 2,1 трлн сўмлик тушумнинг асосий қисми фойда солиғи ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич 805,7 млрд сўмни ташкил этган.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи бўйича 576,9 млрд сўм, ижтимоий солиқ бўйича 348 млрд сўм, жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича 296,1 млрд сўм тушум таъминланган.
Мол-мулк солиғи 70,4 млрд сўм, ер солиғи 37,2 млрд сўм ва акциз солиғи 10,3 млрд сўмни ташкил этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter