ЯҲМ ҳажми бўйича қайси ҳудудлар етакчилик қилди?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ-июн ойларида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 1 квадриллион 72,7 триллион сўмни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг катта ялпи ҳудудий маҳсулот Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда ЯҲМ ҳажми 226 трлн сўмга етган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизлик реал ўсиш қайд этилди.
Кейинги ўринларда 113,9 трлн сўм билан Навоий вилояти ва 103,8 трлн сўм билан Тошкент вилояти жойлашди. Бу ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатлари мос равишда 6,7 ва 8,7 фоизни ташкил қилди.
Самарқанд вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 67,4 трлн сўмга, Фарғона вилоятида 65,2 трлн сўмга етди. Мазкур ҳудудларда реал ўсиш суръатлари тегишлича 9,7 ва 9,1 фоизни ташкил қилди.
Андижон вилоятида ЯҲМ 59,6 трлн сўм, Қашқадарё вилоятида 55,7 трлн сўм, Наманган вилоятида эса 45,5 трлн сўм бўлди. Бу ҳудудларда иқтисодий ўсиш 8,3–8,8 фоиз оралиғида қайд этилди.
Бухоро вилоятида ЯҲМ 44,8 трлн сўмга, Сурхондарё вилоятида 35,9 трлн сўмга, Хоразм вилоятида эса 32,9 трлн сўмга етди. Қорақалпоғистон Республикасида ушбу кўрсаткич 32,4 трлн сўмни ташкил қилди.
Жиззах вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 29,7 трлн сўм, Сирдарё вилоятида эса 19,1 трлн сўм бўлди. Бу ҳудудларда реал ўсиш суръатлари мос равишда 8,6 ва 8,4 фоиз этиб баҳоланди.
Маълумотларга кўра, иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Тошкент шаҳри 13,3 фоиз билан энг юқори натижани қайд этган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 10,2 фоиз, Самарқанд вилоятида эса 9,7 фоизлик ўсиш кузатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter