Япония Ўзбекистонга қарийб 37 млрд иена кредит ажратди
Япония ҳукумати Ўзбекистонда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган икки йирик лойиҳани молиялаштириш учун жами 36,757 миллиард иена миқдорида имтиёзли кредит ажратмоқда.
10 июн куни Тошкент шаҳрида Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хирата Кенжи ҳамда Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида тегишли алмашинув ноталари имзоланди.
Маблағлар «Давлат биноларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси» ва «Саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси»ни амалга оширишга йўналтирилади. Биринчи лойиҳа учун 21,788 миллиард иена, иккинчиси учун эса 14,969 миллиард иена ажратилиши белгиланган.
Маълум қилинишича, ҳар икки лойиҳа бўйича кредитлар имтиёзли шартларда ажратилмоқда. Асосий қарз учун йиллик фоиз ставкаси 2,4 фоизни, консалтинг хизматлари учун эса 0,8 фоизни ташкил этади.
Кредитларни қайтариш муддати 25 йил этиб белгиланган бўлиб, унинг 7 йили имтиёзли давр ҳисобланади. Шунингдек, харид шартлари «боғланмаган» шаклда амалга оширилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter