Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёш муҳандислар дронга қарши тура оладиган ихтироларини намойиш этишди

Ёш муҳандислар дронга қарши тура оладиган ихтироларини намойиш этишди

“Келажак муҳандислари” Республика кўрик танловининг 5, 6 ва 7 август кунлари ўтказилган финал босқичида акселерация босқичидан муваффақиятли ўтган 90 нафар энг кучли иштирокчи ўз лойиҳаларини тақдим этди. Танловнинг “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” йўналишларида талабалар, муҳандислар ҳамда профессор ўқитувчилар томонидан яратилган инновацион ишланмалар намойиш этилди.

Финал босқичида сув ресурсларини тозалашдан тортиб авиация ва ҳаво хавфсизлигигача бўлган турли йўналишларни қамраб олган қатор истиқболли лойиҳалар тақдим этилди. Улар орасидан амалий аҳамияти ва инновацион ёндашуви билан ажралиб турган ишланмаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Маҳаллий хомашёдан сув тозаловчи мембрана

Термиз давлат университети Кимё факультети профессор ўқитувчиси ва лойиҳа раҳбари Ёқубжон Бозоров томонидан «UZECOMEM» лойиҳаси тақдим этилди. Мазкур ишланма сув ресурсларини тозалаш ва унинг сифатини яхшилашга қаратилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади сувни тозалашда қўлланиладиган юқори самарали мембрана фильтрларини маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборат. Ишлаб чиқилган фильтрлар кимёвий ва механик таъсирларга юқори даражада чидамли бўлиб, сув таркибидаги турли моддалар ва тузларни самарали ушлаб қолиш имконини беради.

Лойиҳанинг маҳаллий хомашёга асослангани сувни тозалаш технологияларини мамлакат шароитида ривожлантириш ва ушбу йўналишда импорт ўрнини босувчи ечимларни яратиш учун муҳим имконият яратади.

Реал парвозни акс эттирувчи самолёт симулятори

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Авиация муҳандислиги йўналишининг 2 курс талабаси Абдалиев Комронбек Бегали ўғли танлов финалида профессионал самолёт симуляторини тақдим этди.

Ёш муҳандис томонидан яратилган симулятор эркинлик даражасига эга ҳаракатланувчи тизим билан жиҳозланган. Мазкур технология самолётнинг реал парвоз динамикасини акс эттириш имконини беради.

Ушбу ишланма авиация соҳасида таълим олаётган талабалар ва бўлажак мутахассисларнинг парвоз жараёнларини амалий тарзда ўрганиши учун замонавий технологик муҳит яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Сунъий интеллект ва лазер асосидаги анти дрон тизими

Ёш ихтирочи муҳандис Икромжон Мўйдинжонов томонидан “ARGUS SYS” анти УАВ тизими тақдим этилди. Мазкур ишланма учувчисиз учиш аппаратларини аниқлаш ва зарарсизлантиришга қаратилган.

Тизим YOLOv8 сунъий интеллект алгоритми ва оптик узатгичлар ёрдамида дронларни автоматик аниқлаш ҳамда нишонга олиш имконини беради. Лойиҳа доирасида 500 ватт қувватга эга 405 нанометрли лазер технологиясидан фойдаланилган бўлиб, тақдимотда тизимнинг 1000 метрдан ортиқ масофадаги нишонни икки сониядан кам вақт ичида бартараф этишга мўлжаллангани қайд этилди.

Лойиҳанинг сунъий интеллект, оптик технология ва лазер тизимини ягона ечимда бирлаштиргани унинг инновацион жиҳатини намоён этади.

“Шунқор 88” инновацион дрон интерсептори

Исмоилов Билолхон ва унинг жамоаси томонидан ишлаб чиқилган “Шунқор 88” қурилмаси ҳаво хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган инновацион ишланмалардан биридир.

Мазкур дрон соатига 450 километргача тезликда ҳаракатлана олиши ва 8, 10 километр масофадаги хавфли учувчисиз учиш аппаратларини зарарсизлантиришга мўлжаллангани билан ажралиб туради.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати унинг иқтисодий самарадорлигидир. Тақдим этилган маълумотларга кўра, анъанавий ҳаво мудофааси ракеталарининг қиймати 2 миллион доллардан 5 миллион долларгача етиши мумкин бўлган бир шароитда “Шунқор 88” қурилмасини ишлаб чиқариш қиймати 20 минг доллардан 50 минг долларгача баҳоланмоқда.

Муҳандислик ва инновациялар учун янги имкониятлар

“Келажак муҳандислари” танловида намойиш этилган ушбу лойиҳалар замонавий муҳандислик ечимларининг турли соҳаларда ривожланаётганини кўрсатмоқда.

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш, авиация таълимини такомиллаштириш ва ҳаво хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишланмалар ёшлар ҳамда тажрибали мутахассисларнинг амалий муаммоларга инновацион ечим излаётганини намоён этмоқда.

Танлов якунлари бўйича 9 нафар мутлақ ғолиб аниқланади. Ғолиблардан бири бош соврин сифатида Президент совғаси бўлган BYD Chazor автомобилига эга бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг