Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Barno Sultonova

Ozodlik qo‘rquvning yuziga tik qaray olishdir.

Кўзи тўқ одамнинг яшаш фалсафаси ёхуд мулкдан бош тортиш қувончи...

Кўзи тўқ одамнинг яшаш фалсафаси ёхуд мулкдан бош тортиш қувончи...

фото: https://planetdreaming.com/

Ошхонамда бир идиш бор, кўк шишали, мева соладиган идиш. Уни ҳаётимизнинг қийин кунларида бир онахон берганди. У пайтда болаларимиз кичкина, ишимизнинг тайини йўқ, қорнимизни амаллаб тўйдирган даврлар эди. Онахон мени ўша лаҳзаларда мана шу бир оддий идиш билан қувонтирганди. Орадан йиллар ўтди, кейинчалик кўплаб мева соладиган идишлар сотиб олдим, баъзилари синиб йўқ бўлиб кетди, баъзилари ишлатилмай ошхона жавонида терилиб турди. Лекин меҳмон келса ҳам, кундалик ҳаётимда ҳам мана шу кўк шиша идиш доимо хизматимда бўлди... Ҳар гал уни қўлимга олганимда, ўша аёл — камтар, тозаликни яхши кўрадиган онахон кўз ўнгимда гавдаланади.

Фото: шахсий архив (ўша кўк идиш)

Эссе кўк идиш ҳақида эмас...

Шаҳарда ҳаёт шошқалоқ. Ҳар қадамда рекламаларга кўзинг тушади: “Шу диванни олсанг, уйинг уйдай бўлади!”, “Янги телефон сенга бахт олиб келади!”, “Ўзингга энг яхши нарсаларни раво кўр, шунда сени одамлар ҳурмат қилади!” Уларнинг ҳар бири гўё бахтни катта қопда тутиб, эшик олдида тургандек. Биз ҳам шошиб, шу бахтни сотиб олишга уринамиз. Ҳар бир янги буюм гўё янги ҳаётнинг калитидек. Аслида-чи, бу буюмлар билан бирга уйимизга яна нималар тўпланади?

Ортиқча чанг, тиғиз жой, бу кўзга кўринмас зулм эмасми? Чунки буюмлар вақтимизни, эътиборимизни ва қувватимизни ютади. Ҳар бир буюм ҳаётимиздаги бир бўлак вақтни тортиб олади. Масалан уларни тозалаш учун сарфланган дақиқалар, бир кийимни танлаш учун кетказилган асаб, гаджетлар учун сарфланган соатлар. Ва бизнинг ҳаётимизнинг қанчадан  қанчаси буюмлар орасида “адашиб” кетган экан-а?

 Нимадир етишмаяпти...

Netflix компанияси томонидан ишланган “Минималистлар: Ҳозир камроқ ва яхшироқ” ҳужжатли фильми минималист турмуш тарзи машҳурлигининг ортиб бораётганига ойдинлик киритади.

Кўрсатув иштирокчилари минималистлар Жошуа Филдс Милберн ва Раян Никодим минимализм ҳаёт тарзига қандай эга бўлганлари ҳақида ҳикоя қилади.

Жошуа Милберн ва Раян Никодим хира ёритилган киностудияда дастлаб минимализмгача бўлган ҳаётини кўрсатишади. Кириш ҳужжатли фильмга ўзига хослик бағишлайди, чунки икки кишининг қизиқарли ҳикояларисиз фильм шунчаки башоратдан иборат бўлиб қолар эди.

Жошуа Милберн кулранг костюм кийиб, ўзини жуда обрўли ишдан тортиб ажойиб квартирага қадар ҳамма нарсага эга қилиб кўрсатади. Лекин, қовоғини солиб, тўхтаб қолади. Нимадир етишмаяпти — Милберн ҳақиқатан ҳам бахтлими?

Онасининг ўлимидан кейингина у бу нарсаларни йиғиш бахтнинг калити эмаслигини тушунади. У саҳналаштирилган уйига қадам қўяди — бефойда, эсда қолмайдиган нарсалар билан тўлдирилганлигини кўради,  пул йиғадиган чўчқачадан тортиб кумуш идишларгача.

Ҳужжатли фильм мезбонларнинг ҳаёти ҳақида сўзлайди, аммо фильмнинг асосий ғояси Милберн ва Никодим  минимал ҳаёт тарзининг қулайлигини томошабинга етказиш. Яъни улар қиммат уйлар, бренд кийимлар ва яхшиликни унутиб қўйиш каби “чарчайдиган ҳаёт”дан қандай воз кечишганини сўзлайди. Охирида минималист турмуш тарзини олиб бориш усуллари келтирилган, масалан, кунига битта — кераксиз деб ҳисоблаган нарсаларни ташлаб юбориш...

Ҳа, ҳаётимизнинг кўп қисми харид қилиш ва сотиб олишга сарфланади. Ҳа, айнан мана шу имкон қадар кўпроқ нарсалар тўплаш бахт туйғуларини осонгина йўқотишимизга сабаб бўлади.

Aгар одамлар ҳамма нарсадан воз кечсалар, ҳаёт қандай бўлар эди?

“Минимализм” дегани фақат хонадаги диван билан шкафни сотиб юбориш ва хонанини бўшатиш эмас — бу дунёқарашни янгилаш! Камроқ нарсага эга бўлиб, кўпроқ ҳаётни ҳис қилиш, инсонларни ва вақтни қадрлаш демакдир.

Ҳар куни янги кийим, янги гаджет, янги хоҳиш... Лекин шу шовқин ичида кўпчилик чиндан ҳам нимани хоҳлашини унутиб қўйган. Бир томонда  ортиқча нарсалар ботқоғига чўккан одамлар, иккинчи томонда шуларнинг ярмига ҳам эриша олмаганлар. Шунда минимализм нафақат оддийлик, балки ортиқча нарсадан воз кечиб кимнингдир эҳтиёжини тўлдириш эканлигини ҳис қиласан.

Минимализм — бу “ҳамма нарсадан воз кечиш” эмас. Бу нафақат жойингни, балки онгингни ҳам ортиқча ўй-хаёллардан, юкдан тозалаш. Минимализм “менга шундан бошқаси керак эмас”, “Шуниси ҳам етарли” деган қарор. Аслида бу сўзнинг бизда ҳам муқобили бор, шукр ва қаноат, кўзи тўқлик. Демак, минимализм йўлини танлаган одамни биз бемалол кўзи тўқ одам десак ҳам бўлади.

Ахир моддий буюмлар сони камайган сари, инсон қалбида бошқа нарсалар учун жой очилади: сукут, нафас олаётганингни ҳис қилиш, фикрлаш ва ички хотиржамлик. Бу оддий, аммо ғоят қимматбаҳо неъматлар бизга оддий ҳаёт йўлини танлашимиз орқали берилади.

Оддийликни исташ жамиятга қандай ижтимоий таъсир қилади?

Агар кўпчилик “камроқ исташ” ғоясини қабул қилса, исрофгарчилик камаяди, муҳтожларга ресурслар етади, табиат нафас олади. Аслида минимализм шахсий эмас, ижтимоий инқилоб ҳам.

Хонангизда жим ўтирганча атрофни кузатинг. Ҳар тарафда нарсалар: бир марта кийилган либослар, “бир куни керак бўлар” деб сақланган идишлар, чанг босган китоблар – қадрсизланган мулк. Ҳар бири гўё сизга қараб турибди, лекин бирортаси ҳеч нарса бермаётгандек. Минималистларнинг кўпчилиги шундай ҳисларни бошидан кечиришган ва ҳашаматли ҳаётни ортда қолдириб, шкафларини бўшатишган, кераксиз буюмларни ҳадя қилишган ва шунда илк бор чуқур нафас олишган.

Жошуа ва Никодим айтганидек: “Олдинги ҳаётни — нарсаларни йиғишни тўхтатганимизда, бу ҳаёт бизга “сўзлай” бошлади”.

Фото: The Minimalists  икки чеккада Жошуа Милберн ва Раян Никодем

Гап Жошуа Милберн ва Раян Никодем ҳақида кетаётганини эсдан чиқармайлик. Жошуа билан боғлиқ куртка воқеаси қанчадан-қанча одамларнинг турмуш тарзини ўзгартирмади дейсиз. Воқеа мана шундай сюжетдан иборат. Бир куни кўчада нотаниш одам Жошуанинг курткасини кўриб: “Вой, бу жуда зўр экан!” дейди. Минималист эса ўйламай туриб, жавоб берди: “Аслида бу менинг мулким эмас — бу вақтинча устимда турган буюм холос.” Ва у курткани ечиб нотаниш одамга бериб юборади. Бу жуда кичик, лекин жуда кучли лаҳза бўлган. Чунки унинг учун бу куртка энди мулк эмасди, балки бир пайтда зарур бўлган буюм. Қолаверса бу ҳаракати унга мулкдан бош тортиш қувончини ҳис эттирган. Ва бу воқеа бутун фалсафанинг рамзига айланган.

Жошуа кейинчалик шундай изоҳ берган: “Бизнинг жамиятда мулк одамни ҳимоя қилади, кучли кўрсатади, деб ўйлаймиз. Аслида эса мулк одамни боғлаб қўяди. Бир нарсани ҳадя қилган пайтингда сен мулкдан эмас, унга боғлиқликдан озод бўласан.”

Жошуа учун ҳам бу куртка шундай нарса эди. У ҳадя қилганида, нафақат бир одамни қувонч берди, балки ўзини озод қилди. Бу воқеа кейинчалик унинг маърузаларида “Giving as Freedom” (Ҳадя бу эркинлик) шиорига айланди. Қанчадан-қанча одамлар ортиқча нарсаларидан воз кечишга, ҳадя қилишга ўрганди. Ҳаётимиздаги ичидаги энг олий неъмат бошқаларга бера олган меҳримиз эмасми?

Масалан ортиқча кийимларни кимгадир ҳадя қилсангиз эҳтиёжманд учун қувонч, бир техника бошқа бир хонадон учун қулайлик.
Оддий ҳадя ҳам баъзан кимгадир “мен ҳам муҳимман” деган ҳисни беради. Чунки биз моддий бойликка чўмганимиз сари, қалбимиз тораяди. Аслида эса ҳақиқий бойлик — ортиқчасини улашишда.

Кўп одамлар минимализмни фақат бўш хона, оқ деворлар, минимал мебель ва интерьерлар билан боғлайди. Лекин мен учун минимализм оддий бир кўк шиша идиш, шунчаки хотира эмас, балки ҳаётий фалсафа. Яъни қанча кам нарсага эга бўлсак шунча кўпроқ яхшилик қилиш имконимиз бўлади.  

Менга идиш берган аёл хонадонида ортиқча нарса сақламасди. Уйи ҳамиша ҳаводек тоза ва озода кўринарди. Ҳозир англаяпманки, у ўзи билмаган ҳолда нафақат озода ёки камтарона, балки минимализм ғоясида яшаган экан. У менга қилган кичкина ҳадяси орқали ғоя ҳам берганди: боринг билан бўлиш...

Минимализм бу нафақат кўп нарсаларни истамаслик, оз нарсаларга қаноат қилиш балки, инъом қилиш маданияти.  Камроқ нарса билан кўпроқ нафас олиш ҳисси. 

Ҳар сафар кўк идишни кўрсам ўша онахонни эслайман, ҳозир янада тиниқроқ хотирлаяпман у ўшанда: “Ортиқча нарсаларни йиғишни хоҳламайман, юк босиб тургандек бўлади, ортиқча нарса қўлимга илинса бировга улашгим келади, нарса тўплашга ҳушим йўқ...” деганди.

Шиша идиш ҳам, Жошуа Милберн ҳадя қилган куртка ҳам – бу оддий буюм эмас. Яъни уй ичи ҳаводек енгил, бўм-бўш онахон ҳам, курткасини нотаниш одамга берган Жошуа ҳам бир хил ҳаёт фалсафасини танлаганди — минимализмни. Бу фалсафа нарсаларни йўқотиш эмас, балки оз нарса орқали кўпроқ қиймат яратиш ҳақида. Уларда битта умумий маъно бор: қўлингдаги ортиқчани улаш, енгил нафас ол.

Ортиқча буюмларни тўплаш кўзга кўринмас юк. Ана шу ерда бироз тўхтаб тин олинг, сиз ўша ортиқча нарсалар учун кўп пул ишлаб топишни истамаяпсизми?  

Ҳар биримизда “кўк шиша идиш” бор, уни топиш ўзингдаги ортиқча буюмни кўриш, уни улашиш эса ва енгил нафас олишни қайта ўрганиш демак.  Минимализм шундай гўзал ва шундай содда фалсафа.  

Барно Султонова

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети