Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди
Озарбайжон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунланди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев озарбайжонлик ҳамкасби билан тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Абадий дўстлик тўғрисидаги тарихий шартнома ва салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди, қатор қўшма лойиҳаларга старт берилди. Етакчилар икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирландилар.
Ташриф доирасида Озарбайжон Президенти Янги Тошкент лойиҳаси билан танишди. Давлат раҳбарлари Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини очиш ва Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаш маросимларида иштирок этдилар.
Бугун саммит Бухорода давом этди. Давлат раҳбарлари рафиқалари билан қадимий шаҳарнинг тарихий обидаларини томоша қилдилар.
Олий мартабали меҳмонларга Бухоро вилоятининг рақамлаштириш, енгил ва электротехника саноати каби соҳалардаги салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Тадбирлар тугагач, Бухоро халқаро аэропортида Президент Илҳом Алиев ва рафиқасини Президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кузатиб қўйди.

Шу билан давлатимиз раҳбари Бухорога сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter