Кэндзи Ҳирата: Тараққиёт деб қадриятлардан воз кечманг!
Кэндзи Ҳирата Япония ташқи ишлар вазирлиги тизимида 40 йилдан буён ишлаб келмоқда.
Кэндзи Ҳирата 2025 йил октябр ойида Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган. Турли йилларда Кунчиқар ўлканинг Испания, Перу, Мексика, БААдаги элчихоналарида, БМТ ва Европа Иттифоқидаги доимий ваколатхоналарида фаолият юритган. 2018–2021 йилларда Майамида (АҚШ) бош консул, 2021–2024 йилларда Кубада элчи вазифасида ишлаган. Тажрибали дипломат билан Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги ҳамда дунё геосиёсатига доир мавзуларда суҳбатлашдик.
– Япония 2004 йилда илк бор Марказий Осиё билан мулоқот форматига асос солган эди. 2025 йил 20 декабр куни Токио шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити ўзаро муносабатларда янги саҳифа очди. Элчи жаноблари, мазкур мулоқот форматининг тадрижига назар ташласак, ўтган йиллар мобайнида Япония учун Марказий Осиё минтақасининг аҳамияти қай даражада ўзгарди? Бугунги кунда АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Ҳиндистон каби глобал кучлар ҳам минтақамиз билан мулоқотни йўлга қўйган. Сизнингча, “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг ўзига хослиги нимада?
– Сўзни “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлашдан бошласам. Ўтган йил декабр ойида мен Токиода бўлиб ўтган олий даражадаги саммитда бевосита қатнашиш, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига ҳамроҳлик қилиш шарафига муяссар бўлдим. Тўғри қайд этдингиз, Япония 2004 йилда “Марказий Осиё +” мулоқотига асос солган эди. Дастлаб биз икки йилда бир маротаба вазирлар даражасидаги машваратни йўлга қўйгандик. Кейинроқ бошқа мамлакатлар ҳам биздан улги олди. Бугун баъзи давлатлар бундай учрашувларни ҳар йили ўтказмоқда. Айрим давлатлар эса мулоқотни олий даражадаги учрашув – саммит даражасига кўтарган. Тўғри, биз бу борада муайян муддат ортда қолгандек бўлдик. Аммо юбилей сана доирасида ташкил этилган сўнгги саммитда бой берилган имкониятларнинг ўрнини тўлдирдик деб ўйлайман.
“Марказий Осиё + Япония” мулоқотини йўлга қўйган кезларимиз Марказий Осиё ҳозиргидек яхлит-ягона макон эмас эди. Бугун Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик, жумладан, сув манбаларини бошқариш, сарҳадлар назорати, чегара демаркацияси каби масалалар муҳокама этилмоқда. Бу борада президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббускорлиги ва ҳиссасини алоҳида таъкидлашни истардим. Сирасини айтганда, Марказий Осиё ҳамкорлиги ҳозир оддий-одатий воқеликка айланди. Аммо биз ҳамкорликка киришган вақтда минтақа бошқача ҳолатда эди. Бинобарин, биз яхлит Марказий Осиёни шакллантириш ва тараққий эттиришга ўз ҳиссамизни қўшганимиздан бағоят хурсандмиз.
Марказий Осиё давлатлари 35 йил аввал мустақилликка эришгани маълум. Ўшанда дунё харитасида янги бешта давлат пайдо бўлган эди. Япония ўзини Осиё мамлакати деб билади ва минтақанинг фаровонлиги, барқарорлигига алоҳида эътибор қаратади. Аниқроқ айтганда, Япониянинг фаровонлиги ва барқарорлиги минтақанинг фаровонлиги ва барқарорлигига боғлиқдир. Айнан шу боис ҳам янги таваллуд топган Марказий Осиё давлатларини фаровонлик ва барқарорлик йўлида қўллаб-қувватлашга киришдик.
Япония 1996 йилдан буён Тараққиёт учун расмий кўмак (Official Development Assistance) дастури доирасида йирик лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Ҳаво ва темир йўл тизими, телекоммуникация, электр энергетика каби секторлардаги 25 та йирик лойиҳага кредит ажратилди. Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортлари модернизациясига, Қашқадарё ва Сурхондарёни боғловчи темир йўл қурилишига, Тошкент, Навоий вилоятларида замонавий электр станциялари барпо этилишига ҳисса қўшдик. Япония кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон учун биринчи рақамли донор бўлиб келди.
Ўзбекистонда инсон ресурсларини ривожлантириш ҳам муҳим йўналишлардан бири саналади. Масалан, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўтган йилга қадар Ўзбекистондан 3 140 га яқин мутахассисни малака ошириш дастурларига таклиф қилди. Япония таълим вазирлиги ажратган грантлар асосида ҳозирга қадар 560 га яқин ўзбекистонлик таҳсил олди. JICAнинг ёш давлат хизматчилари учун ташкил этилган яна бир ўқув дастурида 440 киши иштирок этди. Япония молия вазирлигининг мазкур секторда кадрлар салоҳиятини юксалтириш дастурларида эса 240 га яқин ўзбекистонлик қатнашди. Миллий давлат қурилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа дастурлар ҳам амалга татбиқ этилмоқда.
Япониянинг 4,6 млн долларлик молиявий кўмагида Оролбўйида сув ресурсларини бошқаришга доир лойиҳани ишга тушириш маросимида. 2026 йил 27 феврал.
Фото: БМТТД
Япония нега тараққиёт йўлида кўмак бермоқда? Ўйлайманки, Япониянинг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлигидаги ўзига хослик айни шу нуқтада намоён бўлади. Марказий Осиё давлатларининг фаровонлиги ва барқарорлиги бутун Осиё минтақаси фаровонлиги ва барқарорлигининг ажралмас қисми саналади. Япония Марказий Осиёда ҳудудий ёки стратегик манфаатларни кўзламайди. Истагимиз — халқларимиз тинчлик ва иқтисодий фаровонлик неъматларидан баҳра олган ҳолда яшасин.
– Ўтган йилнинг 20 декабрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Санаэ Такаичи Токиодаги музокаралар якунида Келгуси авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Тошкент ва Токио ўртасида хавфсизлик соҳасида, жумладан, ҳарбий ва ҳарбий-техник жабҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқдами? Умуман, мамлакатларимиз ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Аввало, саволингизнинг иккинчи қисмига жавоб берсам. Япония ва Ўзбекистон алоқалари янги босқичга кирди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати туфайли Янги Ўзбекистон жадал ривожланмоқда, мамлакатнинг ўзаро алоқалардаги роли ҳам ўзгармоқда. Боя айтганимдек, Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан Тараққиёт учун расмий кўмак доирасида молиявий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, “ҳукуматдан ҳукуматга” тамойилига таянган кўмак ўзаро ҳамкорликда муҳим ўрин тутди. Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт даражаси ошиши, мамлакат дунёга тўлақонли очилиши ортидан “ҳукуматдан ҳукуматга” кўмак ўрнига хусусий сектор, сармоя, савдо ва туризмга ёрдамнинг аҳамияти ортаётир.
Ўзгаришлар сабаб Япония ва Ўзбекистон алоқалари ҳам эврилишга юз тутмоқда. Ўз навбатида, биз япон хусусий сектори вакилларини Ўзбекистон иқтисодиётининг тезкор ўсиши жараёнида иштирок этишга ундамоқдамиз.
Япониянинг бир қатор компаниялари Ўзбекистонда фаол ишлаётгани бизни мамнун этади, албатта. Зеро, мамлакатингиз япон бизнес вакилларига кўпдан-кўп имкониятлар таклиф қилмоқда. Сираси, япон бизнеси Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтирмоқда. Сармоялар, давлатлараро сайёҳлар оқими ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Токиодаги элчиси билан биргаликда Японияда Ўзбекистонни кўпроқ танитишга интилмоқдамиз. Ўзбекистон Японияда йил сайин машҳур бўлиб бормоқда, аммо танитиш-таништириш бўйича қиладиган ишларимиз ҳали бисёр.
Саволингизнинг биринчи қисмига ўтсак. Иккинчи жаҳон урушидан кейин японлар рўй берган ҳодисалар қайта такрорланмаслиги борасида қатъий қарор қабул қилган эди. Шу тариқа дунёдаги энг тинчликпарвар давлатлардан бири барпо этилди. Саксон йилдан зиёд муддат мобайнида мамлакатимиз бутун дунёнинг барқарорлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшиб келмоқда. Халқаро вазият ўзгариши муносабати билан эса Япония хавфсизлик соҳасида ҳамкорлигини аста-секин, тадрижий тарзда кенгайтирмоқда.
Ҳозирда ҳукуматларимиз ўртасида ҳарбий жабҳадаги алоқалар жуда чегараланган. Аммо Япония тинчликпарвар Конституцияси доирасида ҳар қандай амалиётларга очиқ эканини айтиш мумкин. Биз Конституциямиз ҳамда тарихий мажбуриятларимизга кўра бир қатор чекловларга риоя этамиз. Ушбу чекловлар шароитида ҳам сиз тилга олган йўналишда алоқаларимизни босқичма-босқич кенгайтиришга интилмоқдамиз.
– Бугун курраи арз геосиёсий зиддиятлар, ихтилофлар маконига айланиб қолди. Халқаро меъёрлар ва жаҳоний тартиб фалаж ҳолатга келаёзди. БМТ каби нуфузли халқаро тузилма ҳам қонли тўқнашувларни тўхтата олмаётир. Хўш, инсоният қирғинбарот урушларни қай йўл билан тўхтатиши мумкин? Ҳозирги мушкул-мураккаб даврда Япония тинчликка эришиш йўлида қандай ёндашувни таклиф этади?
– Жиддий муаммодан сўз очдингиз. Дарҳақиқат, дунё тузилмавий ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Кучлар мувозанати ўзгариб, зиддиятларнинг ортиши кузатилмоқда. Очиқ, эркин халқаро ҳамжамият жиддий таҳдид билан юзлашаётир.
Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин тинчлик йўлидан боришни таклиф қилди. Энг муҳими — халқаро ҳуқуқ устуворлиги. Инсоният чангалзорда яшаётгани йўқ, ахир. Халқаро ҳуқуқ ички ҳуқуқ меъёрлари каби кучли бўлмаса-да, ҳарқалай, муайян меъёр, маромлар мавжуд. Бинобарин, дунёда халқаро ҳуқуқ устун мавқе касб этиши керак. Ушбу мақсадга эришиш учун Япония халқаро ҳамкорликни кучайтирмоқда. Менинг мамлакатим, шунингдек, ҳарбий кучдан фақат мудофаа мақсадларида фойдаланиш тамойилини ёқлайди. Биз халқаро ҳамжамиятни халқаро ҳуқуқ заруратига ишонтиришга уринмоқдамиз. Бу борада ҳам Ўзбекистон бизнинг муҳим ҳамкоримиздир.
Афсуски, жаҳонда ҳарбий қудратини шаффоф назоратсиз кучайтираётган, геосиёсий статус-квони ҳарбий кучни намойиш этиш ёки қўллаш орқали ўзгартиришга уринаётган мамлакатлар бор. Япония статус-квони ўзгартиришга қаратилган бу каби бирёқлама, кескин саъй-ҳаракатларга қарши. Бу борада Ўзбекистон каби тинчликсевар мамлакатлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз.
Япония “Эркин ва очиқ Ҳинд–Тинч океани” концепциясини илгари сураётир. Мазкур концепция дастлаб денгиз йўллари очиқлигини кўзда тутган бўлса, эндиликда кенгайиб бормоқда. Негаки, уммонларда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш унга туташ минтақаларда ҳам ҳуқуқ устуворлигини таъминлашни талаб этади. Тўғри, Ўзбекистон жуғрофий жиҳатдан океандан узоқда жойлашган. Аммо Ўзбекистондаги барқарорлик, тинчлик ва ҳуқуқ устуворлиги ҳам эркин ва очиқ океан ғоясига таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозиргидек мушкул даврда эркинлик, очиқлик, ҳуқуқ устуворлиги каби ғоялар долзарб аҳамият касб этмоқда.
– Геосиёсий долғалар кучайиб бораётган шароитда БМТнинг келажагини қандай баҳолайсиз?
– Мен йигитлик давримда Япониянинг БМТдаги доимий ваколатхонасида ишлаш бахтига мушарраф бўлганман. Мазкур халқаро ташкилотнинг келажаги хусусида сўз борар экан, мен икки жиҳатга эътибор қаратишни истардим.
Афсуски, биз яшаётган дунё идеал эмас. БМТ ҳам ўз Низоми талаб этган даражада фаолият юрита олмаётгани аччиқ ҳақиқат. Назаримда, БМТ ташкил этилган 1945 йилга қараганда дунё ўзгариб кетди. Шу боис биз БМТ фаолияти қайта кўриб чиқилиши, ислоҳ этилиши керак деб ҳисоблаймиз. Хусусан, унинг дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутувчи тузилмаси — Хавфсизлик кенгаши реалликни адолатлироқ тарзда акс эттирган ҳолда ислоҳ қилиниши лозим.
БМТ тўлақонли фаолият юрита олмаётган экан, унинг ўрнини босадиган муқобил халқаро тузилма борми? Йўқ, албатта. БМТ — кенг кўламдаги ваколатларга эга бўлган универсал халқаро ташкилот. Демак, фаолияти янада самарали ва таъсирчан бўлмоғи учун уни ислоҳ қилиш оқилона ечимдир.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топшириш маросимида. 2025 йил 27 ноябр.
Фото: Президент матбуот хизмати
– Юртимизда фаолият бошлаганингизга ҳам ярим йилдан ошди. Ўзбекистонда элчи сифатида тайинланганингизни илк бор эшитганда хаёлингиздан қандай ўй-фикрлар кечган эди? Ўтган муддат ичида фикрларингиз қай даражада ўзгарди? Оилангиз билан Тошкентда яшашга мослашиш қийин кечмадими? Дарвоқе, бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
– Дипломат сифатидаги фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттиришимдан хабар топганимда ҳайратга тушганим рост. Негаки, ўзбек ва рус тилларини билмайман. Лисоний тўсиқ сабаб бироз ташвишга тушганимни рад этмайман. Аммо, яхшики, элчихонамизнинг билимдон ходимлари мени қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Дунё бўйлаб саёҳат қилиш — жону дилим. Ўзбекистон мен ташриф буюрган 123-мамлакат бўлди. Очиғини айтсам, илгари Ўзбекистон ҳақида кўп нарса билмасдим. Ўзбекистонни Буюк ипак йўлидаги экзотик воҳаларга бой диёр деб ўйлардим. Бу ерда яшай бошлагач, тасаввурларим буткул ўзгарди. Қарангки, Осиё минтақасининг марказида Тошкентдек ўсиб бораётган улкан шаҳар борлигини тасаввур этмаган эканман!
Тошкентда ўсиш, равнақ топишга йўналган кучли қувватни ҳис этмоқдаман. Ўзбекистонликлар эртасини бугундан яхшироқ қилиш йўлида жонбозлик кўрсатмоқда. Янги-янги иншоотлар барпо этилмоқда, барча жабҳада ўсиш-ривожланиш! Менинг болалик кезларим Япония ҳам шундай ҳолатда эди. Университетга кирган вақтларим эса ўсиш бироз секинлашди. Кейинроқ иқтисодий турғунлик даври келди. Бир қатор иқтисодий муаммолар япон жамияти ва одамлар ҳаётига кучли таъсир ўтказа бошлади. Ўзбекистонда эса, қайд этганимдек, улкан ижобий энергияни туймоқдаман.
Мослашувчанлик — дипломатнинг доимий ҳамроҳи. Ўзбекистондаги элчилик фаолиятим хориждаги ўнинчи вазифам саналади. Яъни янги манзил-муҳитга кўникиш борасида тажрибамиз етарли. Одамларнинг муомала-муносабати, ёзилмаган қонун-қоидалар, тил муҳити... Дипломат янги муҳитга киришиб кетишга интилади, албатта. Рафиқам айни вақда Японияда, аммо у ҳам хорижий давлатларда завқланиб яшашга одатланган.
Биласизми, айрим мамлакатларда сайёҳлар, меҳмонлар ва экспертларни жалб этадиган жиҳатлар у қадар кўп бўлмайди. Бу жиҳатдан ўзбекистонликларнинг бахти чопган. Мамлакатингиз тарихи, маданияти қанчалар бой! Ўзбекистонда гўзал табиат, лазиз таомлар, бой тарих, бетакрор архитектура менга олам-олам завқ бағишламоқда. Бу диёр сайёҳларга кўп, жуда кўп неъматларни таклиф эта олади. Ўзбекистонга ташриф буюраётган япон сайёҳлари сони йил сайин ошиб бораётгани сабабларидан бири ҳам шу.
Бўш вақтда мозий нафаси уфуриб турган вилоятларга сафар қиламан. Ўзбекистоннинг бой меъморчилиги, қадимий тарихи ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси билан танишмоқдаман. Мамлакатингизда ҳали мен кўрадиган масканлар, ўрганадиган жиҳатлар жуда ҳам кўп.
– Ўзбеклар ва японларни бир-бирига боғловчи жиҳатлар талайгина. Айниқса, меҳмондўстлик, оилавий қадриятлар ва жамоавий ҳаётга ҳурмат борасида муштараклик яққол сезилади. Элчи сифатида икки халқ ўртасида яна қандай ўхшашликларни кашф этдингиз?
– Назаримда, бу ҳам бироз баҳсли cавол. Гап шундаки, мен япон жамиятининг кекса авлодини тамсил этаман. Ёш авлод эса биздан фарқли тафаккур тарзи ва хулқ-атворга эга. Мен бутун умр йирик шаҳарларда яшаган инсон сифатида, дейлик, Япониянинг қишлоқ жойларидаги вазиятни яхши билмайман. Икки халқ ўртасидаги муштараклик хусусидаги саволингизга жавобим ҳам бироз ноодатий туюлиши мумкин.
Япония ва Ўзбекистон яқин ўтмишда сиз санаб ўтган муштарак қадриятларга эга эди. Шахсий кузатувларимга кўра, япон жамияти бугунги кунда анча ўзгарган, ҳатто аксар қадриятларини бой берган. Масалан, япон шаҳарларида оилалар кичрайиб кетган. Масалан, менинг тўрт фарзандим бор. Аммо бу аллақачон фавқулодда ҳолатга айланиб қолди. Япон жамиятида туғилишнинг ўртача кўрсаткичи бир оилада тахминан 1,2 тани ташкил этади. Оилалар ихчамлашиб бораётгани сабабли аксар японлар ука ёки сингилсиз катта бўляпти. Зотан, оилада ягона фарзанд тенденцияси кенг тарқалган. Агар сизнинг туғишган жигарларингиз бўлмаса, демак, фарзандингиз ҳам амаки ёки амма меҳридан айро ҳолда вояга етади.
Боз устига, одамларимизнинг тафаккур тарзи ўзгармоқда. Япон жамияти Ғарб, хусусан, Америка жамиятига хос индивидуализмдан кўп азият чекди. Бу асосан жамиятга мансублик туйғусининг йўқолиши, жамоа учун шахсий манфаатдан воз кечиш ҳиссининг бой берилишида намоён бўлади.
Ўзбекистонда эса, дейлик, кексаларга ҳурмат қадрияти сақланиб қолганига гувоҳ бўлмоқдаман. Автобус ёки метрода ёши улуғ инсонлар, ҳомиладор аёллар ёки болаларга албатта жой берилади. Бир пайтлар Японияда ҳам шундай эди...
Яна бир эътирофга лойиқ ҳолат. Ўзбекистондаги аксар кафе, ресторанларда чиғаноқлар (раковина) бор — одамлар таомдан олдин албатта қўлини ювади. Сув бўлмаган шароитда нам қоғоз сочиқ ишлатилади. Мен ҳам болаларимни таомдан олдин қўлни ювишга ўргатганман. Яъни бу японларга ҳам хос одат. Масалан, Белгияда яшаган вақтимиз қизим мактабда тушлик маҳали қўл ювиш учун махсус жой йўқлигидан шикоят қилган эди. Ҳар бир мамлакатнинг ўз анъаналари бўлар экан-да. Ўзбеклар ҳам японлар каби гигиена ва тозаликка ўта ҳассос масала сифатида эътибор қаратиши мени мамнун этди.
Боя айтганимдек, бизнинг жамиятимиз кўплаб қадриятларни бой берди. Ўзбекистон халқи шиддатли иқтисодий ўсиш шароитида, Ғарб таъсири кучайиб бораётган паллада ҳам миллий қадриятларини, ўзлигини сақлаб қолишига тилакдошман.
– Элчи жаноблари, мазмунли суҳбат учун ташаккур изҳор этамиз. Масъулиятли фаолиятингизда зафарлар тилаб қоламиз. Ўзбек ва япон халқларининг дўстлиги абадий бўлсин!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter