Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида 1 млрд евролик лойиҳалар шакллантирилди

Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида 1 млрд евролик лойиҳалар шакллантирилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар

Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада мустаҳкамлаш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. 

Турли даражалардаги сиёсий мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани, бизнесга оид шериклик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. 

Ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб, иқтисодий ва ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда Финляндия билан ҳамкорликда Халқаро Нордик университети муваффақиятли фаолият юритмоқда, мактаб таълими соҳасидаги дастурлар амалга оширилмоқда. 

Бугун ўтган Ўзбекистон – Финляндия бизнес форумининг якунида умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд истиқболли қўшма лойиҳалар портфельи шакллантирилди. 

Музокараларда товар айирбошлашни каррасига ошириш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб беришни рағбатлантириш учун Савдони молиялаштириш қўшма жамғармасини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. 

 Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш учун сертификатлаш лабораторияларини очиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. 

Геология ва муҳим материаллар, энергетика, агросаноат, рақамлаштириш, сунъий интеллект, экология, туризм ва бошқа муҳим тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди. 

2026 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш юзасидан келишувларга эришилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. 

Таълим, тиббиёт ҳамда меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Келгуси йилда биринчи Ректорлар ва инновациялар форумини ўтказиш режалаштирилган. 

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг