Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ФИФА ЖЧ-2034 ни 2035 йилга кўчириши мумкин

ФИФА ЖЧ-2034 ни 2035 йилга кўчириши мумкин

Фото: FIFA

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган 2034 йилги жаҳон чемпионатини 2035 йилнинг январига кўчириш имкониятини ўрганмоқда, деб хабар берди The Guardian.

Режага кўра, Саудиядаги мундиал 2034 йилнинг ноябр-декабр ойларида ўтказилиши керак эди. Аммо бу пайт Рамазон ойига тўғри келади ва маълум сабабларга кўра, мусобақаларни ўтказиш имконини бермайди. ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилот бўлажак турнир тақвимини муҳокама қилишни бошлаганини тасдиқлади.

«Балки тақвимни оптималлаштириш йўллари бордир, биз буни муҳокама қиляпмиз. Олдиндан хулоса қилишга шошилмаслик керак», — деди Инфантино.

Саудия Арабистонининг иқлим шароити ҳам мундиал ўтказиладиган саналарни танлашга таъсир кўрсатади. Ёз ойлари +52°C гача бўлган экстремал ҳарорат туфайли мусобақаларни ўтказиб бўлмайди. Худди шу сабабли 2022 йилда Қатардаги жаҳон чемпионати ҳам қишда ўтказилган эди.

Турнир саналари бўйича якуний қарор саудиялик ташкилотчилар билан бамаслаҳат ва ва барча футбол ташкилотларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади. Кўчириш миллий чемпионатлар ва Европа клублари турнирлари тақвимлари билан мувофиқлаштиришни талаб қилади, дейилади хабарда.

Маълумот учун: футбол бўйича жаҳон чемпионатлари, худди Олимпия ўйинлари сингари (коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилга кўчирилган Токио-2020 олимпиадасини истисно қилганда), доим жуфт йилларда ўтказиб келинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг