Каннаваро: «Футболчиларга ортиқча босим эмас, ўйиндан завқ олиш руҳини беришимиз керак»
Миллий футбол марказида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамда терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро иштирокида жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда италиялик мутахассис мундиалга тайёрланиш жараёни ҳақида маълумот берди.
«Жаҳон чемпионатига жиддий тарзда тайёргарлик кўряпмиз ва жуда қаттиқ ишлаяпмиз. Барчамиз мундиалга учиб кетишни интиқлик билан кутяпмиз.
Мураббий этиб тайинланганимдан кейин мураббийлар штаби билан биргаликда барча футболчиларни кузатиб бордик. Кимдир терма жамоага чақирилмаган бўлса, демак у ўз ўйини билан ҳали мени етарлича ишонтира олмаган. Ҳозир жамоанинг жисмоний ҳолатини яхшилаш устида ишлаяпмиз», – деди мураббий.
Каннаваронинг айтишича, ўртоқлик учрашувлари учун имкони қадар кучли ва рақобатбардош рақиблар танланган. Аввалроқ, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Нидерландия билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши маълум қилинган эди.
«Канада – мусобақа мезбони сифатида юқори даражадаги футбол муҳити ва ажойиб атмосфера яратиши шубҳасиз. Нидерландия эса Европанинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ўйин услуби ва тактик ёндашуви маълум жиҳатлари билан Португалия терма жамоасига ўхшаш», – деди мураббий.
Шунингдек, у футболчиларнинг жисмоний ҳолатига ҳам тўхталиб ўтди.
«Масалан, Жалолиддин Машарипов катта тажрибага эга. Агар у оптимал спорт формасига чиқса, жаҳон чемпионатида жамоага катта фойда келтириши мумкин. Аббос Файзуллаев куни кеча гол урди. Шунингдек, у меҳнаткашлиги ва жанговар характери билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, Абдуқодир Ҳусанов ва Элдор Шомуродов ҳозир яхши ҳолатда.
Энг муҳими – бу биз учун илк жаҳон чемпионати. Шунинг учун футболчиларга ортиқча босим эмас, аксинча, ўйиндан завқ олиш руҳини беришимиз керак. Мен жамоамизнинг бор кучи билан халқимиз учун муносиб иштирок этишига ишонаман.
Январ ойида бўлиб ўтадиган Осиё кубогидаги гуруҳимиз жуда қизиқарли ва кучли рақиблардан иборат. Ҳар бир ўйин биз учун жиддий синов бўлиб, максимал эътибор ва тайёргарликни талаб қилади.
Менинг асосий амбицияларимдан бири – Осиё кубогини ютиш. Биз бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионати эса биз учун тажриба майдони бўлса, Осиё кубогида эса натижа учун курашамиз», – таъкидлади Каннаваро.
Шунингдек, анжуман давомида Равшан Ирматов терма жамоанинг мундиалгача бўлган даврдаги тайёргарлик режаси билан таништирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter