Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

 Нафс ғолиб, соғлиқ мағлуб бўлмасин!

 Нафс ғолиб, соғлиқ мағлуб бўлмасин!

Кўпчилик “101” фильмини кўрган. Унда 1941 йилда Смоленск яқинида асирга тушиб, кейин Голландиянинг Амерсфорт концлагерига жўнатилган 101 нафар ўзбек йигитининг фожиали тақдири ҳақида сўз боради.

Бу йигитлар — нацистлар раҳбари Йозеф Геббельс буйруғи билан немис тарғиботи учун махсус танлаб олинади ва фашистлар улар орқали “совет асирлари оч, ожиз” деган тасаввурни яратишни кўзлайдилар. Шу мақсадда йигитлар қасддан узоқ вақт оч қолдирилади. Сўнг суратга олиш ишлари бошланади ва улар олдига бир дона нон ирғитилади. Бироқ воқеа кутилганидек кечмайди. Очликдан ҳолсизланган йигитлар бир лаҳза жим туришади, кейин улардан бири нонни эҳтиёткорлик билан олиб, тенг бўлакларга бўлади ва ҳар бир асирга ўз улушини узатади. Ҳеч ким нон учун талашмайди, ҳеч ким бошқасининг ҳақига кўз тиқмайди.

Ушбу фильмда бир бурда нонга қаноат қилган қаҳрамонларимиз — ўз қадриятини, сабр ва шукурни ҳаётий мезон деб билган миллат қиёфасини намоён этади. Аммо сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган айрим ҳолатлар бу қадриятга зид тушмоқда.

Овқат ейиш мусобақалари, “ким кўп ейди” деган беллашувлар, пул тикиб ўтказиладиган “хўрандалар баҳси” каби жараёнлар на қаноатга, на маданиятимизга мос келмайди.

Тасвирларда камида ўн кишилик ошни тўрт киши тановул қилаётганига кўзингиз тушади. Бу ҳолат эндиликда бошқа таомларга ҳам кўчган. Буюртма сомсадан тортиб, товоқ-товоқ гўштхўрликкача, ҳатто қурт ва банан ейиш борасида баҳсга киришадиганлар видеоси кўпайиб бормоқда.

Хавотирлиси, атрофдаги завқ билан томоша қилаётганларнинг аксарияти ёшлар. Бу каби ҳолатлар, шахсий танлов сифатида оқланса ҳам, тобора оммалашаётгани билан жамиятнинг маънавий муҳитига таъсир этмай қолмайди.

Биринчи навбатда, бундай беллашувлар соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Овқатни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш нафақат ошқозон ва ҳазм тизимига зарар етказади, балки узоқ муддатли оқибати ортида семизлик, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари каби оғир хасталикларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Яъни, бу кўнгилочар кўринишдаги шоу-мусобақада ғолиб деб топилган иштирокчи — аслида мағлубдир. Қўлга киритилаётган арзимас соврин — унинг учун энг катта бойлик саналмиш саломатлиги бадалига киритиляпти. Бундан ташқари, бу каби овқатланиш мусобақаларининг инсонга ижтимоий ва психологик таъсири ҳам етарлича жиддий мавзу.

Беллашувларнинг шоу тарзда ташкил этилиши ва ижтимоий тармоқларда оммавий тарқалиши, айниқса ёшлар онгида нотўғри дунёқарашни шакллантириши мумкин. “Кўп ейиш” орқали эътибор қозониш ёки моддий мукофот олиш ғояси соғлом ва маънавий қадриятларга зид бўлиб, жамиятда меъёрсизлик ва исрофгарчиликни тарғиб қилади. Шу боис, бундай шоу-мусобақаларга муносабатда соғлом тафаккур ва масъулиятли ёндашувни шакллантириш жуда муҳимдир.

— Овқат ейиш мусобақалари ҳозирги кунда оммавий маданиятнинг ажралмас қисмига айланмоқда, — дейди психолог Назокатхон Йўлчибоева. — Кўплаб йирик медиа майдонлар ва интернет платформалари бу турдаги мусобақаларни тарғиб қилмоқда. Беллашувларнинг шоу ва кўргазмали кўринишда ижтимоий тармоқларда тарқалиши эса, айниқса ёшлар онгида нотўғри руҳий моделларни шакллантириши эҳтимоли бор.

Иштирокчиларнинг саноқли дақиқаларда юқори калорияли таомларни истеъмол қилиши — кўпинча “тезкорлик” ва “жадаллик” рамзи сифатида кўрсатилади. Бу эса ёшлар орасида соғлом овқатланиш одатларини бузиши, ортиқча истеъмол қилиш ва ёт одатларни шаклланишига олиб келиши мумкин. Ижтимоий босим ҳам сезиларли: “шу каби қилиш керак”, “ундан нимам кам” каби фикрлар ҳам инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Илмий нуқтаи назардан қараганда, бундай мусобақалар организмнинг табиий сигналларига зид ҳаракат қилишдир. Табиий тўқлик ва тўйинганлик ҳисси сунъий равишда бузилади. Бу нафақат ошқозон-ичак тизими, балки бутун организм учун стресс манбаи бўлади. Шу боис, бундай мусобақалардан воз кечиш ва парҳезли, сифатли овқатланишни асосий қоидага айлантириш яхшироқдир. Бу нафақат саломатликни сақлайди, балки руҳий барқарорликни ҳам таъминлайди.

Дарҳақиқат, бугунги замонда озиқ-овқат мўл-кўл ва турлича. Таомлар хилма-хил, газаклар ва соуслар эса генно-модификация қилинган маҳсулотлар ва трансёғлар ёрдамида янада лаззатли бўлган. Газли ичимликлар ва турли ширин шарбатлар ҳам иштаҳани очишга хизмат қилади. Шунинг натижасида, баъзан бир ўтиришда икки-уч хил таомни, устидан салатлар, мева шарбатлари ва ширинликларни ҳам истеъмол қилишимиз мумкин.

Тўйларда эса бу ҳолат янада кўпроқ кузатилади — таомлар сероб ва ранг-баранг одамни кўпроқ ейишга ундайди. Аммо шундай мўл-кўл ва турли хил егуликлардан фойдаланишда ҳам меъёрни сақлаш жуда муҳим. Етарли миқдорида таомлансак, танимизга жабр қилмаймиз.

Буюк ҳаким Арастудан: “Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?” деб сўрашганида, шундай жавоб берган экан: “Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман”.

Ҳа хавотирлиси, ҳозирги кунда ейиш учун баҳслашадиган, “мечкайлик” мусобақаси ишқибозлари сони кескин ортиб бормоқда.

Агар авваллари иштирокчилар асосан йўл-йўлакай тасодифан қатнашган бўлса, ҳозир  бошқа шаҳарлардан ҳам ғолиб бўлиб, ижтимоий тармоқ “юлдузи” бўлиш орзусидагилар ошхоналарга оқиб келмоқда. Бу қатлам орасида аёллар ва ёш болалар ҳам кам эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда кўпинча ошхона эгалари ғолибни тақдирлаш жараёнини тантанали ташкил этишади. Бироқ бу билан чекланиб қолишмайди — улар янги, янада “қудратли” иштирокчиларни чорлаш орқали рақобат муҳитини кучайтиришга ҳаракат қилади. Бундай чорловларда турли манзиллар ёки ёш тоифаларига мурожаатлар қилинади, ҳатто баъзан кимнингдир “қатиқ патига тегадиган” иборалар ишлатилади.

Натижада бу ҳолат бир овқат ейиш беллашувидан кўра ҳаёт-мамот курашини эслатувчи муҳитни яратади. Шу зайлда, янги номзодлар ўз “шаънини ҳимоя қилиш” ёки  “зўрлигини исботлаш” ниятида ўша ошхонага йўл олишади. Агарда шундай турдаги “мечкайлик” мусобақалари оммалашаверса, уларнинг ғолиблари қаҳрамон сифатида тарғиб этилса, табиийки, уларга тақлид қилувчилар сони ҳам ортиб боради.

Аммо ўйлаб кўрайлик-чи: бу “чемпионатлар” ортида нималар ётибди? Ким аслида ғолиб — инсонми ё нафсми? Аслида бундай мусобақаларда инсон нафсининг ғалабаси намоён бўлади. Қатнашчи овқатни емас, аксинча, ортиқча овқат унинг соғлиғини, умрини “еб қўйиши” мумкинлигини англаши керак. Шуни унутмайлик: овқатланганда қорнимиз эмас, аввало кўнглимиз тўлсин.

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг