Сиз оилада нечанчи фарзандсиз? Тадқиқотлар кутилмаган натижани кўрсатди
АҚШ, Хитой ва Дания олимлари томонидан NBER (Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюроси) маърузасида эълон қилинган тадқиқотга кўра, «тўнғич фарзанд феномени» шунчаки фараз эмас, балки аниқ илмий фактдир.
Чиндан ҳам, статистик маълумотлар оиланинг биринчи фарзанди ўқишда, IQ даражаси ва келажакдаги даромадлари бўйича юқорироқ кўрсаткичларни намойиш этишини тасдиқлайди. Хўш, бунинг сабаби нимада? Тадқиқот шуни кўрсатдики, гап тўнғич фарзанднинг «махсус генлари»да эмас, балки у улғаядиган ўзига хос муҳит ва ота-она эътиборининг тақсимланишидадир.
Ўн йиллар мобайнида тўпланган маълумотлар таҳлили оиладаги фарзандлар ўртасидаги тенгсизликнинг «айбсиз айбдори» қилиб ўзига хос «биологик курьер» вазифасини бажарувчи тўнғич фарзандни кўрсатди... Тадқиқотчиларга кўра, тўнғичлар боғча ёки мактабдан турли инфекцияларни олиб келиб, ҳали иммунитети шаклланиб улгурмаган кичик ёшли ука-сингилларини зарарлайдилар.
Ушбу фикрни тасдиқлаш учун Дания бўйича олинган рақамлар кўрсатилди: иккинчи фарзандлар ҳаётининг биринчи йилида оғир респиратор касалликлар билан тўнғичларга қараганда 2-3 баравар кўпроқ шифохонага тушадилар. Гўдаклик давридаги бундай соғлиқ билан боғлиқ зарбаларнинг оқибатлари узоқ вақт сақланиб қолади: организм энергияни мия ривожланишига йўналтириш ўрнига, бор ресурсларини инфекция ва яллиғланишга қарши курашишга сарфлайди.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, айнан мана шу «микроб омили» бир оиладаги фарзандларнинг келажакдаги даромадлари ўртасидаги фарқнинг қарийб ярмини тушунтириб беради. Қолган қисми эса, катта эҳтимол билан, ота-оналарнинг хатти-ҳаракати, оиладаги муҳитга боғлиқ.
АҚШдаги вақтдан фойдаланиш бўйича маълумотлар шуни кўрсатадики, болалик даври давомида тўнғич фарзандлар кичикларига қараганда кунига 20-30 дақиқа кўпроқ сифатли вақт (эътибор) олар экан. Тўнғичлар бу ўта муҳим илк йилларда кўпроқ интеллектуал рағбат олади. Содда қилиб айтганда: биринчи фарзанд ота-онасининг диққат-эътибори энг юқори ва бола мияси маълумотни қабул қилишга энг тайёр бўлган маҳсулдор соатларни «эгаллаб олишга» улгуради. Кичикларга эса кўпинча чарчаган ва вақтининг катта қисмини боланинг шунчаки қорни тўқ, усти тоза бўлиши ҳамда вақтида ухлашига сарфлайдиган ота-оналар «насиб қилади».


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter