Сўнгги 30 йилда руҳий хасталикка йўлиққанлар сони икки ҳисса ошди
Жаҳонда сўнгги 30 йилда руҳий хасталикка йўлиққанлар сони икки ҳисса ошди. Тадқиқот натижалари «The Lancet» журналида эълон қилинди.
Руҳий касалликларнинг глобал миқёсда тарқалиши мисли кўрилмаган даражага етди: 2023 йилда дунёда 1,17 миллиард атрофида руҳий касаллик ҳолати қайд этилди — бу 1990 йилдагига нисбатан 95,5 фоизга кўпдир. «Глобал касалликлар юки» деб номланган кенг кўламли тадқиқот муаллифлари шундай хулосага келишди.
Хавотирли бузилишлар, катта депрессив зўриқиш, дистимия (сурункали депрессия), нерв анорексияси, нерв булимияси, шизофрения ва хулқ-атвордаги шикастланишлар — бу касалликларга чалиниш ҳолатлари сони салмоқли даражада ўсган.
«Глобал касалликлар юки»га сабаблар рўйхатида руҳий хасталиклар DALY (ногиронлик ҳисобга олинган ҳолда йўқотилган ҳаёт йиллари) 12-ўриндан 5-ўринга кўтарилди. Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, 2023 йилга бориб руҳий бузилишлар билан боғлиқ ногиронлик туфайли бутун дунё аҳолиси умумий ҳисобда 171 миллион йиллик соғлом ҳаётини йўқотди.
Руҳий бузилишлар юки кўрсаткичлари эркакларга нисбатан аёллар орасида юқорироқ эканлиги маълум бўлди. Энг заиф (касалликка чалинувчан) ёш гуруҳи — 15 дан 19 ёшгача бўлганлар.
Тадқиқот муаллифлари соғлиқни сақлаш ресурсларининг мавжудлиги ёки етарлилигидан қатъи назар, руҳий касалликларнинг кўпайиши дунёнинг барча минтақаларида қайд этилганини алоҳида таъкидламоқдалар.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter