Ўзбекистонда 10-синф ўқувчилари ўқишини техникумга кўчириши мумкин бўлади
Ўзбекистонда 10-синф ўқувчиларига ўқишини техникумларга кўчириш имкониятини берувчи янги тартиб белгиланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган.
Қарорга кўра, касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синф ўқувчиларини техникумларга кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона тартиби жорий этилади.
Мазкур хизматлардан фойдаланиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда топширилади.
10-синф ўқувчиларининг ўқишини техникумларга кўчириш тартиби алоҳида белгиланади. Бу ўқувчиларга касбий таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, касбий таълим ташкилотларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш бўйича хулоса беришнинг ягона тартиби жорий этилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда мазкур давлат хизматларини ЯИДХП орқали кўрсатиш имкониятини йўлга қўйиш белгиланган.
Бундан ташқари, давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур маълумотларни тегишли давлат органларидан электрон шаклда олиш имконияти яратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter