Ўқитувчиларга асоссиз равишда устама ёзган директор судга тортилди
Қоракўл туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби собиқ директори Т.Э. бюджет маблағларини асоссиз сарфлагани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очилов маълум қилди.
Суд материалларига кўра, у бир неча йил давомида устама ва моддий ёрдам пулларини тайинлашда амалдаги тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузиб келган.
Директор педагог ходимларга устама ва моддий ёрдам ажратиш жараёнида белгиланган низом талабларига амал қилмаган. Жумладан, махсус комиссия йиғилишлари тўлиқ ўтказилмаган, ота-оналар ва кузатув кенгаши вакиллари жалб этилмаган. Айрим ҳолларда эса ҳужжатлар тўлиқ ўрганилмасдан, баҳолаш мезонларига асоссиз баллар қўшиб келинган.
Аниқланишича, 2023–2024 ўқув йилида 24 нафар ўқитувчига қарийб 84,3 миллион сўм, 2024–2025 ўқув йилида эса 40 нафар педагогга 83,7 миллион сўм миқдорида устама маблағлари асоссиз тўланган. Шунингдек, 2024 йилда яна 5 нафар ходимга 32,9 миллион сўмлик моддий ёрдам ноқонуний ажратилган.
Мутахассислар томонидан ўтказилган ўрганишларда кўплаб ҳужжатларда камчиликлар аниқланган. Айрим ҳолларда комиссия аъзолари имзолари сохталаштирилгани, баъзи ўқитувчиларнинг ҳужжатлари, умуман, мавжуд бўлмагани ёки белгиланган талабларга жавоб бермагани маълум бўлган. Шунингдек, тиббий хулосалар тўлиқ бўлмаган ҳолда ҳам моддий ёрдам ажратилган ҳолатлар қайд этилган.
Суд мажлисида Т. Э. айбини тўлиқ тан олган. У ўз кўрсатмасида ҳужжатларни чуқур ўрганмаганини, асосан, комиссия аъзоларининг хулосаларига таянганини билдирган. Шу билан бирга, у қилган ишларидан пушаймон эканини ва етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаганини маълум қилган.
Жабрланувчи томон ҳам етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини билдириб, судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Т.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 2-қисми «б,г» бандлари билан айбдор, деб топилган. Суд хулосасига кўра, айбланувчининг ҳаракатлари бюджет маблағларини растрата қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги сифатида тўғри малакаланган.
Ҳозирда Т. Э. мактаб директори лавозимидан озод этилган бўлиб, ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter